• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТСМДА 8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

2023 йил 7 март куни “Тараққиёт стратегияси” марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбир аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Марказ жамоасида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларни гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

– Юртимизда барча жабҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келаётган хотин-қизларнинг ўрни кун сайин ортиб бормоқда, – деди Элдор Туляков. – Жумладан, тиббиётда бу кўрсаткич – 77 фоиз, таълим соҳасида – 74 фоиз, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда.

2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан – 37 фоизга етганлигини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, тадбир давомида ўз меҳнати билан ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган хотин-қизларга байрам муносабати билан эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан юртимизда хотин-қизлар ҳамиша давлат эътиборида, эъзозу ардоғда эканлиги, зеро аёл ўзини бахтли ҳис қилса, жамият бахтли бўлади, оилада маънавий муҳит барқарорлиги таъминланиши таъкидлаб ўтилди.   

Фурсатдан фойдаланиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этади. Барча опа-сингилларимизга тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат тилаб қолади.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати