• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Германиядаги ватандошлар Конституциявий ислоҳотлар билан танишдилар

2023 йилнинг 13-17 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти вакиллари ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертларидан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари ишчи ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлди.

Ташриф доирасида германия сиёсий доиралари вакиллари билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида Германияда истиқомат қилиб келаётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди. Германия олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасаларида таҳсил олаётган ва турли компанияларида меҳнат қилаётган ўзбек ёшлари вакиллари иштирок этган тадбир давомида уларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди.

Даставвал, тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчиси Нобижон Касимов эчихона томонидан ўзбекистонлик ватандошлар билан мулоқот, уларга ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларга қисқача тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз тақдимоти орқали қатнашчиларни халқ муаллифлигида Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар билан таништириб ўтди.

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилаётгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланаётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилмаслиги ёки бошқа давлатларга берилмаслиги, давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиши ҳамда ривожлантириш тўғрисида ғамхўрлик қилишига оид норманинг белгиланаётганига алоҳида урғу берилди.

Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ўзбекистон билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишга хизмат қилади.

Учрашув якунида, юқоридаги каби ўзгартиришларнинг Конституциямизда ўз аксини топиши бевосита барчамизнинг фаоллигимизга боғлиқ эканлиги, шу боисдан 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда барча бирдек фаол иштирок этиши лозимлиги айтиб ўтилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати