• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИТАЛИЯ ЖАМОАТЧИЛИГИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

Аввал хабар қилганимиздек, 2023 йилнинг 13-14 апрель кунлари Ўзбекистоннинг таҳлил марказлари вакилларидан иборат делегация Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдимотига ҳамда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказди.

Жумладан, ташрифнинг иккинчи куни делегация аъзолари Италия парламенти аъзолари, Италия Ташқи ишлар ва иқтисодий ҳамкорлик вазирлиги вакиллари ҳамда Италиянинг Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти (ISMAA) раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Мулоқотлар давомида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, икки мамлакат “ақл марказлари” ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ва унинг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувларда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков италиялик ҳамкорларни Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан таништирди. Хусусан, амалга оширилаётган ислоҳотларда бош мақсад – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият даражасига олиб чиқиш, фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига эришиш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш лозимлиги, бу жараёнларда ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси, нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифлари ҳам инобатга олинаётганлигини таъкидланди.

Шунингдек, Италия Ташқи ишлар ва иқтисодий ҳамкорлик вазирлиги ҳузуридаги “Circolo degli Esteri” клубида, айни кунларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида Э.Туляков томонидан мамлакат Бош Қомусига халқ хоҳиш ва истакларини акс эттирувчи бир қатор асосий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганлиги айтиб ўтилди. Бу эса, сўнгги йилларда эришилган ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигини ишончли конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ушбу эришилган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан келажак авлодлар ҳам эмин-эркин фойдаланишини кафолатлайди.

Мулоқотлар якунида италиялик вакиллар томонидан янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини марказий ўринга қўйилаётганлиги, барча соҳалар, хусусан тадбиркорлар фаолияти ҳам тўлақонли кафолатланаётганлиги юқори баҳоланди.

Шунингдек, учрашувларда Ўзбекистон ва Италия етакчи таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва ҳамкорликда турли мавзуларда мақолалар чоп этиш масалаларида келишувга эришилди.

 

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати