• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Марказнинг Конституциявий ислоҳотлар жараёнидаги иштироки юзасидан жамоатчиликка маълумот берилди

2023 йилнинг 29 апрель куни Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ННТлар томонидан амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари юзасидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда референдум жараёнларини кузатиб бориш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий кузатувчилар учун брифинг ташкил этилди.

Брифингда, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Конституциявий ислоҳотларга оид жараёнларда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар бўйича жамоатчиликка маълумот берилди.

— Ушбу ислоҳотлар жараёнида Марказ фаолияти аҳолининг кенг қатлами, жамоатчилик вакиллари, парламент, ҳукумат ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликда амалга оширилди, - деди Э. Туляков.

- Хусусан, 2023 йилнинг 15 март куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси эълон қилинганлиги муносабати билан мазкур ҳужжат лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда қамровини кенгайтириш мақсадида Марказ томонидан лойиҳанинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган турли хилдаги материаллар ва медиа-маҳсулотлар тайёрланди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида назарда тутилган энг асосий нормалар ва “Янгиланаётган Конституция” номли 2 та инфографик тўплам тайёрланиб, ўзбек, инглиз ва рус тилларида 21 минг нусхада нашр этилди.

Мазкур тўпламлар Парламент аъзолари, ҳукумат идоралари, маҳаллий органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек Ўзбекистондаги хорижий ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда элчихоналаримиз орқали халқаро жамоатчиликка етказилди.

Конституцияга киритилаётган асосий ўзгартиришларнинг мазмун-моҳиятини соҳа ва йўналишлар кесимида очиб беришга қаратилган 50 турдан ортиқ баннер, плакат, буклет ва флаерлар 100 мингдан ортиқ нусхада тайёрланиб, республиканинг барча ҳудудларидаги идора ва ташкилотлар бинолари ҳамда жамоатчилик гавжум бўладиган жойларда ҳамда ватандошлар энг кўп истиқомат қилаётган хорижий давлатлардаги шаҳарларга тарқатилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган янги моддаларга, фуқароларнинг референдумда қатнашишга тарғиб қилишга ҳамда хориждаги ватандошлар ва халқаро ҳамжамиятни Конституциявий ислоҳотлар билан таништиришга оид 10 та видеоролик тайёрланди.

Марказ экспертлари томонидан давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида 50 дан ортиқ интервью, кўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этилган бўлса, 20 дан ортиқ таҳлилий мақолалар маҳаллий ва хорижий матбуотда, шу жумладан Буюк Британия, Италия, Туркия, Малайзия, Жанубий Корея, Покистон, Қатар, Миср каби давлатларнинг нуфузли электрон ҳамда босма ОАВларида ёритилди.

Шу билан бирга, Конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ жараёнлар ҳамда унинг мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсадида Марказ томонидан хорижий давлатларга хизмат сафарлари уюштирилди.

Сафарлар давомида Германия, Италия, Швеция, Австрия, Туркия, Хитой, АҚШ ва Буюк Британия давлатларининг сиёсий доиралари вакиллари, парламент аъзолари, “ақл марказлари”, етакчи ОАВлари иштирокида Конституциявий ислоҳотлар мазмунига қаратилган бир қатор тақдимот, давра суҳбати, брифинг, интервью ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, таълим муассасалари, маҳалла идоралари, тадқиқот марказлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган 20 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

Мамлакатимизга ташриф буюрган бир қатор халқаро ташкилотлар делегациялари, хусусан Европа парламенти депутатлари, Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси аъзолари Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати