2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий суръати жадаллик билан илгарилади. Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, иқтисодий ривожланиш, аввало аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган мутлақо янги босқичга ўтди.
Бу борада, энг аввало, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш, солиқ-бюджет ислоҳотларини олиб боришга асосий эътибор қаратилди.
Хусусан, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан геосиёсий вазият билан боғлиқ хатарлар бўйича ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,7 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 105,2 фоизни, хизматлар – 108,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 103,6 фоизни ташкил қилди.
Давлат бюджетининг жами харажатлари 236,6 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 177,7 трлн. сўмни ташкил қилди. Амалга оширилган жами харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,7 фоизга ошган.
I. Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш
Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баробар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш мақсади бўйича қуйидаги муҳим ишлар амалга оширилди:
1) халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банкининг мустақил экспертлари билан биргаликда келгуси йиллар учун бир нечта сценарийли макроиқтисодий прогнозлар ишлаб чиқилди. Унга кўра:
ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 2023 йилда 5,3 фоизни, 2024 йилда 5,6 фоизни, 2025 йилда 6 фоизни ва 2026 йилда 6 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда;
2023–2026 йилларда саноат тармоғининг ўртача йиллик ўсиш суръати 6,2 фоизни, қурилиш 7,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизни ва хизматлар соҳаси 6,6 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда;
2) инфляциянинг монетар омилларини пасайтириш ҳисобига доимий инфляцион мақсадга (таргет) эришиш йўналишида:
Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 15 декабрдаги йиғилишида асосий ставка йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди;
2022 йилда кредит қўйилмалари қолдиғи 21,4 фоизга ошди;
банклараро пул бозорида жами 148 трлн. сўмлик операциялар амалга оширилди;
122,5 трлн. сўмлик депозит аукционлари ўтказилди;
87 трлн. сўмлик Марказий банк облигациялари муомалага чиқарилди ва унинг 2023 йил 1 январь ҳолатига қолдиғи 14,7 трлн. сўмни ташкил этди;
овернайт депозит операциялари ўртача кунлик қолдиғи 1,7 трлн. сўмни ташкил этди;
3) 2022 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ижроси доирасида:
80 мингдан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилди;
1,5 млн.га яқин аҳолининг бандлиги таъминланди;
50,4 мингта, шу жумладан, сервис соҳаси учун 35 мингта ер участкалари «е-auksion» тизими орқали савдога чиқарилди;
кўчма савдо фаолияти учун 39 мингта ер майдонлари аукцион чиқарилди;
Шу билан бирга:
6,1 трлн. сўмлик 41 та йирик савдо марказлари;
377 млрд. сўмлик 15 та ҳудудий логистика марказлари;
йирик туман (шаҳар)лар ҳамда чегараолди ҳудудларда замонавий савдо марказлари;
254 та марказий кўчаларда 10,4 мингта янги савдо-сервис объектларини ташкил этиш орқали 24 соат фаолият юритадиган махсус савдо ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда;
4) солиқ ва божхонага оид қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш, қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг прогноз қилиниши, бюджетга тушумлар тўлиқ келиб тушишини таъминлаш мақсадида халқаро молия институтларининг тавсияларини назарда тутган ҳолда Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг ўрта муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Стратегиянинг амалга оширилиши натижасида:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлари 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 22,6 фоизини ташкил этиши;
Давлат бюджети даромадлари 2021 йилга нисбатан 22,6 фоизга, шундан солиқ тушумлари 15,7 фоизга, божхона тушумлари 38,5 фоизга ўсиши;
солиқ харажатларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан улуши 2026 йилга келиб босқичма-босқич 2 фоизгача камаяйиши кутилмоқда;
5) ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини «Фуқаролар бюджети» дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлашни ташкил қилиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.
«Очиқ бюджет» ахборот портали орқали «Менинг йўлим» дастури ишга туширилди. Дастур доирасида:
9 212 та лойиҳа илгари сурилди ва уларни қўллаб-қувватлаб 1,9 млн. фуқаро овоз бери;
овоз бериш натижасига кўра, 380 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджет параметрлари доирасида 188,5 млрд. сўм ажратилди;
б) хизматлар соҳасида Қорақалппоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 937,4 мингта (йиллик режага нисбатан 101 фоиз) аҳоли бандлиги таъминланди.
Ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига 643 мингта ва расмий секторга ўтказиш орқали 67,6 мингта иш ўрини яратилди. Шунингдек, 120 мингдан зиёд янги хизмат кўрсатиш объектини ишга тушириш, мавжудларининг фаолиятини кенгайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш орқали 226,8 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Тижорат банклари томонидан ҳудудлардаги 54,9 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга 41,9 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди.
Сервис соҳасида «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини амалга ошириш юзасидан Давлат солиқ қўмитасининг назорат режаси тасдиқланди.
Натижада улардан 759 тасининг фаолияти қайта тикланди ва улар томонидан 748,8 млрд. сўм товар айланмаси амалга оширилиб, давлат бюджетига қўшимча 44,8 млрд. сўм солиқ ҳисобланди.
«Солиқчи кўмакчи» тамойили асосида сервис соҳасида фаолият юритаётган 16 886 та субъектда манзилли ўрганишлар ўтказилди ва шундан 11 641 та субъектга амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги аниқланиб, муаммолар ижобий ҳал этилди.
II. Миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш
Миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириб, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар ошириш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) Тошкент вилоятида хомашё минерал ресурсларини чуқур қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун юқори технологияли ва замонавий объектларни ташкил этиш мақсадида «Химград» АЖ (Татаристон Республикаси) билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки ташкил этилди;
2) кимё ва газ-кимё соҳаларини ривожлантириш ва табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга етказиш орқали кимё саноатида 2 млрд. АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида «Химград» АЖ (Татаристон Республикаси) билан ҳамкорлик йўлга қўйилди;
Нодир металлар ва қотишмалар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Германия компанияси ва «Олмалиқ КМК» АЖ ўртасида қўшма корхона тузилди.
Молибден ўта тоза тузларидан йилига 150 тонна металл ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича молибден ишлаб чиқариш майдонини реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 44 300,5 млрд. сўмни (ўсиш суръати – 128,8 фоиз) ташкил этди.
Хорижий давлатларга жами 542 млн. долларлик автомобилсозлик маҳсулотлари, шу жумладан, 42,1 мингта енгил автомобиллар экспорти амалга оширилиб, ўсиш суръати 136 фоизни ташкил этди.
Инвестиция дастури доирасида 157,5 млн. долларлик маблағлар ўзлаштирилди ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида 28 турдаги 3 940,2 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Маҳаллийлаштириш, тармоқлараро кооперация, импорт товарлар нархини пасайтириш ва муқобил таъминотчиларга ўтиш ҳисобига импорт 100,0 млн. долларга қисқартирилди ва ишлаб чиқариш таннархи 2 трлн. сўмга (ишлаб чиқариш харажатларига нисбатан 5 фоиз) камайтирилди.
3) Энергетика соҳасида 2022–2024 йилларда газ таъминоти филиалларида энергия ресурсларини тежаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
4) аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш мақсадида, 2022 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди;
5) мис саноати кластери учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда соҳада тажриба-конструкторлик ва илмий изланишлар кўламини кенгайтириш бўйича Ҳукумат томонидан 2022 йил 11 апрелда тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида умумий қиймати 13,6 млрд. сўмлик 9 та илмий лойиҳалар амалга оширилди;
6) металлургия соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида, 2022 йил 18 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Олмалиқ КМК» АЖ конлар негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг I босқичи доирасида «Ёшлик I» конини ўзлаштириш» (биринчи навбат) инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини тасдиқлаш тўғрисида»ги 266-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ижроси доирасида Бош лойиҳачи «Гипроцветмет» АЖ томонидан бугунги кунга қадар лойиҳанинг биринчи навбати бўйича техник-иқтисодий асос 100 фоизга, тоғ-кон қисми бўйича ишчи ҳужжатлар 40 фоизга бажарилди;
7) республикада мавжуд темир ва вольфрам конларини саноатда ўзлаштириш ва металлургия корхоналарини барпо этиш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» (06/1-180-сон, 19.08.2022 й.) тасдиқланиб, унга асосан Қорақалпоғистон Республикасидаги «Тебинбулоқ», Тошкент вилоятидаги «Сюренота», Навоий вилоятидаги «Саутбай» ва Самарқанд вилоятидаги «Ингичка» темир конларини ўзлаштириш каби чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди;
8) тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 трлн. сўмни (104,5 %), маҳсулотлар экспорт ҳажми 460 млн. долларни (109 %), чарм-пойабзал соҳасида инвестиция ҳажмлари 528 млрд. сўмни ташкил этиб, қўшимча 324 млрд. сўмлик янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.
Бунда корхоналар томонидан 72,5 млн. жуфт (106,7 %) пойабзал, 1 033 млн. кв. дм (108,6 %) чарм, 655 минг дона (117,0 %) чарм атторлик, 525 минг кв. м (117,4 %) сунъий чарм, 501,1 тонна (115,3 %) желатин, 830,0 тонна (111,2 %) «ЭВА» гранулалари, 623,7 млрд. сўмлик (102,6 %) бошқа турдаги товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланди.
Шу билан бирга, чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 52 та корхонада менежмент тизими жорий этилди;
9) озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастури доирасида ҳисобот даврида 40,9 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 119,5 фоизга бажарилди;
10) йирик саноат тармоқлари ва ҳудудий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш мақсадида ҳисобот даврида 9 маротаба ихтисослашган саноат ярмаркалари ўтказилди.
Ярмаркалар якунлари бўйича 2,4 трлн. сўмлик 5 159 та шартнома тузилди ва бунинг натижасида жорий йил якунига қадар кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали 473 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб берилиши кутилмоқда;
11) 2022 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–386-сонли қарори қабул қилинди;
12) 2022 йил 10 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-388-сонли қарори қабул қилинди.
Геология-қидирув ишлари ҳажмини кескин ошириш, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компанияларни кенг жалб қилиш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) иқтисодиёт учун зарур минерал хомашё базасини кенгайтириш мақсадида ҳисобот даврида жами 239 та геологик лойиҳалар бўйича амалга оширилган геология-қидирув ишларига 990 млрд. сўм бюджет маблағлари сарфланди. Натижада:
захиралар бўйича олтин 15 тонна (150 %)га, кумуш 20 тонна (100 %)га, мис 20 минг тонна (100 %)га, вольфрам 1 500 тонна (100 %)га, оҳактош 1,4 млн. тоннага, лессимон жинслар 10,2 млн. м кубга, гилли сланецлар 24,8 млн. тоннага, қум-шағал аралашмаси 2 млн. тоннага кўпайди;
нефть ва газ фойдали қазилмалари бўйича 9 та янги истиқболли майдонлар (режага нисбатан 112,5 %) аниқланиб, углеводород ресурслари 53,8 млн. тонна шартли ёқилғи (192 %)га ўсди;
жанубий-ғарбий Ҳисор олди нефть ва газга истиқболли ҳудудда Ниёз газ-конденсат кони аниқланди;
2) углеводород йўналишида геология-қидирув ишларини ривожлантириш, янги инвесторларни жалб қилиш мақсадида фойдаланилмаётган ва кам ўрганилган 5 та инвестицион блоклар, яъни Азляртепа инвестиция блоки 1,93 млрд. сўмга, Алатун инвестиция блоки 1,84 млрд. сўмга, Садаф инвестиция блоки 1,84 млрд. сўмга, Саримой инвестиция блоки 1,84 млрд. сўмга, Чорбозор инвестиция блоки 6,59 млрд. сўмга очиқ аукцион савдолари орқали сотилди;
3) дунёнинг йирик тоғ-кон компаниялари билан 722 млн. долларлик 10 та инвестиция лойиҳалари ҳисобига 72,5 млн. доллар (100 %) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
III. Иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш
Иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш мақсади бўйича:
1) умумий қиймати 700 млн. доллардан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 1 354 МВтга тенг 7 та электр станциялари ишга туширилди;
2) аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва хўжалик бирлашмаларини ишончли ҳамда сифатли гидрометеорологик ахборотлар билан таъминлаш мақсадида «data.meteo.uz» очиқ портали яратилди ва унда республикадаги мавжуд сув ресурслари, қуёш радиацияси баланси, қуёшнинг нур сочиш давомийлиги, қуёш радиациясининг атмосфера ҳавосида тарқалиши, кузатилаётган шамол йўналиши ва тезлиги бўйича 5 ва 10 кунлик барвақтликдаги прогноз маълумотлар жойлаштириб борилмоқда;
3) хавфлилик даражаси юқори ва ўрта бўлган металлургия, ёғ-мой, энергетика ва қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи 28 та йирик корхоналарда самарадорлиги 95 фоиздан кам бўлмаган 150 та чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинди ва натижада атмосферага 2,2 минг тонна чиқинди газларининг камайишига эришилди;
4) 43 та атмосферага ташламалар ташловчи корхоналарда 307 та чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинди;
5) атмосфера ҳавосига таъсир хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхоналарининг ифлослантириш манбаларида намуналар олиш ва таҳлил қилиш бўйича 69 та автомат станциялари ҳамда уларга туташ ҳудудларда жами 27 та стационар кузатиш пунктлари ўрнатилиб, ягона геоахборот маълумотлар базасига тест режимида интеграция қилинди;
6) табиий сув ҳавзаларига ёки жой рельефига оқовалар ташловчи йирик саноат корхоналарида 77 та локал тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди;
7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 2 декабрдаги ПҚ–436-cонли қарори билан Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция хамда 2022–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди;
8) 2022 йил 19 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги сонли қарорлари қабул қилинди;
9) Жаҳон банки билан ҳамкорликда табиий газ ва электр энергияси нархларини ислоҳ қилиш орқали энергия истеъмолини камайтириш натижасида ҳавога зарарли чиқиндиларни ташланишини қисқартиришга ҳамда халқаро карбон бозорига киришга қаратилган биринчи инновацион карбон молиялаштириш механизми ишлаб чиқилди. Мазкур механизмни TCAF (Transfromative carbon aset facility) фондининг 50 млн. доллар миқдоридаги грандлари ҳисобига амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
IV. Рақамли иқтисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириш
Рақамли иқтисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини, ижтимоий объектларни ва магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш чоралари кўрилди. Хусусан:
оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 170 минг км.га етказилди;
кенг полосали портларнинг умумий сони 4 300 тага етказилди;
ҳудудлараро магистрал телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти кенгайтирилди;
халқаро пакетли коммутация маркази ўтказувчанлик қобилияти 3 200 Гбит/с га етказилди;
иқтисодиётнинг реал секторида ва тижорат банклари ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида 1 700 нафардан ортиқ мутахассисларнинг билим ва малакалари оширилди.
3) 2022 йил 22 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги сонли қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ ҳисобот йилида республика бўйича:
52 минг км. оптик толали алоқа линиялари ташкил этилди ва уларнинг умумий узунлиги 118 минг км.дан 170 минг км.га етказилди;
700 мингдан ортиқ кенг полосали тармоқ портлари ўрнатилди ва уларнинг умумий сони 4 300 мингтага етказилди;
халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини 60 фоизи мобиль алоқа қамрови билан таъминланди;
аҳоли масканларида мобиль алоқа сифатини яхшилаш мақсадида республика бўйлаб таянч станцияларини умумий сони 52,4 мингтага етказилди;
ҳудудлараро магистрал телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлар даражасида – 600 Гбит/с, туманлар даражасида – 60 Гбит/с.га кенгайтирилди;
электрон давлат хизматлари кўрсатилишига хусусий секторни жалб қилиш орқали фойдаланувчилар сони 2 баробарга оширилди.
Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, IT-парк фаолиятини ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2022 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–161-сонли ва 2022 йил 15 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 191-сонли қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлар ижроси доирасида ҳисобот йилида:
АКТ хизматлари ҳажми 22,9 трлн. сўмга (ўсиш 125,5 фоиз) шундан, компьютер дастурлаш хизматлари 4,2 трлн. сўмга (ўсиш 1,4 баробар) етказилди;
АКТ хизматлари экспорти 244 млн. долларга (ўсиш 123 фоиз) шундан, компьютер дастурлаш хизматлари экспорти 51,9 млн. долларга (ўсиш 10,9 баробар) етказилди;
Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар сони 370 тага етказилади ва унинг мобил иловасидаги хизматлар сони 160 тагача оширилди;
республика ҳудудларида масофавий хизматлар экспорти марказлари сони 14 тага етказилди, IT-Парк томонидан 15 минг нафардан ортиқ фуқаро иш билан таъминланди.
Инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича «пастдан-юқорига» тамойили асосида ҳисобот даврида инвестиция дастурлари доирасида:
тезкор маълумотларга асосан, 2022 йилда 11,8 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ҳамда инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 12,7 млрд. долларлик 12,6 мингта лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 305 мингга яқин янги иш ўрини яратилди;
жойлардаги «Лойиҳа гуруҳлари»нинг фаолияти доирасида Ҳудудий дастурларда кўзда тутилмаган 655,0 млн. долларлик 1 776 та янги лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 31,6 мингта янги иш ўрини барпо этилди.
V. Республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш
Республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда республика экспорт ҳажмларини 30 млрд. АҚШ долларига етказиш мақсадида ҳисобот даврида 15 млрд. долларлик товар ва хизматлар экспорти (махсус экспортсиз) амалга оширилди (ўсиш –23 %). Хусусан:
тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари экспорти 3 млрд. 194 млн. доллар, жумладан, 307 млн. долларлик трикотаж мато (ўтган йилга нисбатан 126 фоиз), 164 млн. долларлик газлама (111 фоиз) ва 1,3 млрд. долларлик тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари (140 фоиз) экспорти амалга оширилди;
чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорти 455 млн. долларни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 108 фоизга ўсиши таъминланди;
қурилиш материаллари экспорти 611 млн. долларни ташкил этиб, 140 фоизга ўсиши таъминланди;
минерал ўғитлар ва кимё саноати маҳсулотлари экспорти 437,5 млн. долларни ташкил этиб, 115 фоизга ўсиши таъминланди;
ипак маҳсулотлари экспорти 96,4 млн. долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 110 фоизга ўсиши таъминланди.
Ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ва машҳур брендларни жалб қилиш мақсадида 42 та корхонада «OEKО-tex», 11 та корхонада «Sedex», 6 та корхонада «BSCI», 2 та корхонада «GOTS» ва 186 та корхонада «ISO (9001, 22000, 14001, 45001)» халқаро стандартлари жорий қилинди.
Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан:
586 та экспорт қилувчи корхоналарга экспортга йўналтирилган маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича 310,0 млрд. сўмлик компенсация тўлаб берилди;
324 та экспорт қилувчи корхоналарга гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда 44,7 млрд. сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилиши натижасида маҳаллий тадбиркорлар томонидан 708,1 млн. АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди;
294 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 41,3 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилиши натижасида корхоналар томонидан 987,2 млрд. АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди;
473 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро кўргазма-ярмарка тадбирларини ташкил этиш бўйича 41,7 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилиши натижасида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ҳалқаро кўргазмалар доирасида 403,8 млн. долларига тенг бўлган экспорт шартномалари имзоланди ва 247,6 млн. долларлик экспорт амалга оширилди;
экспорт қилувчи корхоналарга ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур сертификатларни (82 806 та фитосанитар сертификати, 91 064 та товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат, 14 та мувофиқлик сертификати) расмийлаштириш билан боғлиқ 34,8 млрд. сўмлик харажатлар қоплаб берилди.
Маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача, қўшни давлатларга 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш тизими йўлга қўйилди;
мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатларни Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинди;
тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилиши белгиланди.
Ҳисобот даврида Европа давлатларига экспорт қилинган 54,8 млн. долларлик маҳсулотлар бўйича 54 та корхонанинг 18 млрд. сўмлик, қўшни давлатларга экспорт қилинган 120 млн. долларлик маҳсулотлар бўйича 13 та корхонанинг 30,9 млрд. сўмлик ташиш харажатлари қоплаб берилди.
VI. 2022 йилда дастур ижроси юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Давлат бюджетидан ажратилган 5,1 трлн. сўм маблағларнинг 4,8 трлн. сўми (94 фоиз) молиялаштирилди;
ижтимоий соҳа объектлари бўйича – режалаштирилган 1,2 трлн. сўмлик 544 та объектда 1 трлн. 176 млрд. сўмлик (98 фоиз) ишлар бажарилди ҳамда 531 та объект фойдаланишга топширилди;
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими бўйича – сув таъминоти объектларида 3 937 км (100,2 фоиз) узунликдаги ичимлик сув тармоқлари янгидан тортилди ҳамда 369 та (85,4 фоиз) сув иншооти ўрнатилди;
ички йўллар бўйича – 4 692 км (101 фоиз) ички йўлларга асфальт, бетон ва қум-шағал қопламалари ётқизилди ҳамда таъмирланди;
электр тармоқларини яхшилаш бўйича – паст кучланишли 3 051.8 км. (109 фоиз) электр узатиш тармоқлари тортилди;
газ таъминоти объектлари бўйича – 998 та (100 фоиз) газ тақсимлаш пункти жорий ва мукаммал таъмирланди, 403.8 км (110 фоиз) газ тармоқлари реконструкция қилинди, аҳолига 5 393 та (100 фоиз) газ баллонлари етказиб берилди;
алоқа ва ахборотлаштириш бўйича – ҳудудларда ахборот-коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича 1 328 км (100 фоиз) оптик толали алоқа кабеллари тортилди;
аҳоли пунктларини ободонлаштириш бўйича – 382 км (99 фоиз) ички ирригация тармоқларини, 4 511 км (84 фоиз) пиёда йўлаклари, 18 894 дона (83 фоиз) тунги ёритиш чироқлари, 64 та (80 фоиз) суғориш қудуқлари, 748 та (100 фоиз) чиқиндихона, янги типдаги модуллар ва урналар янгидан қурилди, 537 минг м2 (95 фоиз) гулзорлар ташкил этилди, 305 минг тубдан ортиқ (114 фоиз) дарахтлар экилди;
маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва уй-жой фонди бўйича – маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш доирасида 90 та (90,9 фоиз) маҳалла бинолари ва 61 та (100 фоиз) маҳалла гузарларида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 41 529 та (99 фоиз) якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланди;
жамоат транспорти соҳасини яхшилаш бўйича – ҳудудларда 112 та (100 фоиз) автобекатлар қурилди ҳамда 16 та (100 фоиз) янги жамоат транспорти йўналишлари ташкил этилди;
бозорлар инфратузилмаси объектларини яхшилаш бўйича – жами 960 та (107 фоиз) объект ташкил этилди. Шундан, 326 та (100 фоиз) маиший хизмат кўрсатиш шохобси, 318 та (100 фоиз) савдо мажмуаси, 125 та (100 фоиз) кичик ишлаб чиқариш ва 125 тадан ортиқ (100 фоиз) бошқа турдаги объектлар ишга туширилди.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 2 803 та объект учун 22,1 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, 2022 йил якуни билан 21,8 трл.н сўмлик (99 фоиз) ишлар бажарилди (қурилиш-таъмирлаш ишларига нисбатан 101 фоиз) ва 2 162 та объект фойдаланишга топширилди. Хусусан, 516 та мактаб, 252 та мактабгача таълим, 102 та тиббиёт, 27 та спорт объектлари ишга тушди.
Йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида барча дастурлар доирасида 236 км узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари қурилди, реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди, 4 593 км узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари жорий таъмирланди, 4 692 км ички йўллар таъмирланди, жумладан 1 504 км узунликдаги тупроқ йўллар тўлиқ қум-шағал аралашмаси ётқизилди, 809 км ички йўллар цементбетон қопламага ўтказилди, 58 км узунликда эркин иқтисодий ва саноат зоналарига олиб борувчи йўллар ҳамда таъмирталаб 139 та кўприк таъмирланди.
Аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда оқава сув тармоғи билан таъминлаш мақсадида барча дастурлар доирасида республика бюджетининг 3,3 трлн. сўм маблағ ўзлаштирилиб, унинг ҳисобидан 809 та иншоот ҳамда 6,9 минг км. ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди.
Марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси йил бошидаги 69,7 фоиздан 74,4 фоизга етказилди.
Шунингдек, 2022 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–408-сон қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ республиканинг 5 284 та маҳалласидаги 6007 та ички йўл, ичимлик ва оқава суви, электр энергияси ва газ таъминоти, ижтиомий соҳа ва бошқа объектларни қуриш-таъмирлаш ишларига 7 трлн. сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
2022 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган жами 5 965 та объектнинг барчаси (100 фоизи), жумладан 2 686 та ички йўл, 1 814 та ичимлик ва оқова сув таъминоти, 498 та электр, 69 та газ таъминоти объекти, 53 та умумтаълим мактаби, 33 та мактабгача таълим ташкилоти, 74 та спорт объекти ҳамда 738 та бошқа объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Тендер (танлов) савдолари орқали 5 800 та лойиҳа (97 фоиз) бўйича пудрат ташкилотлари аниқланиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
2022 йил ноябрь-декабрь ойларида 1 трлн. 38 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 127 та (2,1 фоиз) объект фойдаланишга топширилди.
Мазкур дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун 2,7 млрд. сўм маблағ ҳудудлардаги махсус жамғармаларга ажратиб берилди.
VII. Туризм хизматларининг сифатини ошириш
Тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини ошириш ва хорижий туризм бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш, туризм инфратузилма объектларини жойлаштириш учун салоҳиятли ҳудудларда ривожлантириш мақсадида:
1) Ўзбекистон фуқаролари учун «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини («Cashback» – саёҳат харажатларини) қайтариш тартибини жорий этиш мақсадида, 2022 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Давлат бюджетидан 10 млрд. сўм Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилди;
2) республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 млн. нафарга етказиш мақсадида Давлат бюджетидан 50 млрд. сўм маблағ ажратилиб, шундан хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун 20 млрд. сўм, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этишга яна 10 млрд. сўм Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилди;
3) инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, республикада меҳмонхона хўжалигини ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида, 2019 йил 5 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 7 та янги қурилган жойлаштириш воситалари ҳамда 1 та франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун 29,6 млрд. сўмлик Давлат бюджети маблағлари ажратилди, натижада, 712 хонали 1 225 ўринли меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари ташкил этилди;
4) 11,3 млн. маҳаллий аҳолининг ички саёҳатлари ташкил этилди ҳамда 5 млн. дан ортиқ хорижий туристлар ташриф буюрди;
5) тадбиркорлик субъектлари орасида тўсиқсиз туризм ва унинг афзалликлари юзасидан тушунтириш ишлари Халқаро туризм ташкилоти (UNWTО) билан ҳамкорликда ташкил қилинди;
6) 326 та 16 086 ўринли меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари ҳамда 284 та туристик корхона фаолияти йўлга қўйилди ва 696 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди;
7) Жиззах вилояти Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ҳамда «Айдар-Арнасой» тизимидаги туристик зоналар ва дам олиш масканларига Жиззах шаҳридаги темир йўл вокзалидан тезюрар автобуслар қатнови йўлга қўйилди ва кунига ўртача 550–600 та йўловчига хизмат кўрсатиб келинмоқда;
8) 2022 йил 15 сентябрда Аҳоли хонадонларида «оилавий меҳмон уйлари»ни йўлга қўйиш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишда хорижий тажрибани ўрганган ҳолда кредитлар ва субсидия жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди;
9) Самарқандни «Туризм дарвозаси»га айлантириш мақсадида вилоятда 1 300 ўринли 4-5 юлдузли 8 та меҳмонхона ва 18 минг кв.м. майдонда 3 қаватли халқаро конгресс маркази ҳамда кўргазма мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилди;
10) 2022 йилда мақсадли бозорларда маркетинг тадқиқотларини олиб бориш орқали пандемиядан сўнг давлатлар кесимида хорижий туристлар сонини 2,7 млн. нафарга етказиш бўйича маркетинг стратегияси ишлаб чиқилди;
11) «Мангуберди Ватанига саёҳат қил» ички туризм дастури доирасида 508 минг нафардан ортиқ сайёҳнинг сафари ташкил этилди;
12) Тошкент шаҳрида туризм инфратузилмаси янада яхшиланиши натижасида хориждан келадиган меҳмонлар сони 561,5 минг нафарга ва туризм хизматлари ҳажми эса 280,4 млн. АҚШ долларига етказилди;
13) янги туризм йўналишлари ва маҳсулотларини тақдим қилиш бўйича Навоий вилояти Нурота тумани «Сентоб» қишлоғига Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги «Эртош-сой» ва «Овжаз-сой» қишлоқларига «Туризм қишлоғи» мақоми берилди.