• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Туркиядаги ватандошлар билан учрашув ташкил этилди

Аввал хабар қилинганидек, 2023 йилнинг 22–24 июнь кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари Туркия Республикасида хизмат сафарида бўлиб, улар томонидан икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда Туркиянинг Бурса ва Истанбул шаҳарларида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирларда иштирок этилди ҳамда ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти» раҳбари Озода Исломова, шунингдек жамият биносида Туркияда вақтинча  меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фаол ватандошларимиз билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирлар давомида Туркиядаги ўзбекистонлик ватандошлар билан бугун мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар юзасидан фикрлар алмашилди. Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Шунингдек, Э.Туляков ўз нутқида Ўзбекистон Президентининг хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, хусусан оғир аҳволда қолган ватандошларга моддий ёрдам бериш имкониятини кенгайтириш, мигрантларга бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очиш каби ташаббуслари ҳақида айтиб  ўтди.  Давлат миграция сиёсатини диверсификация қилиш, ишчиларни кўпроқ маош тўлайдиган хорижий мамлакатга юбориш, мигрантларнинг нафақат ўзи, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш каби ислоҳотлар қайд этилди.

Ўз навбатида, ватандошларимиз ҳам Ўзбекистонда кечаётган сиёсий воқеаларга катта қизиқиш билдириб, мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар юзасидан ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати