• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Пекин шаҳрида «Марказий Осиё – Хитой» форматида халқаро симпозиум бўлиб ўтди

2023 йилнинг 27 июль куни Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикасининг «Ривожланиш бўйича халқаро билимлар» (Center for International Knowledge on Development – CIKD)  маркази томонидан «Марказий Осиё – Хитой» ривожланиш бўйича билимлар мавзусида халқаро симпозиум ташкил этилди.

Унда, Хитой ва Марказий Осиё давлатларидан вазирлар, жамоат арбоблари даражасидаги расмий вакиллар, шунингдек халқаро ташкилотлар, етакчи таҳлил марказлари вакиллари ва бошқа экспертлар иштирок этишди.

Илк марта ўтказилаётган мазкур халқаро симпозиум Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлигини муҳокама қилиш ва мазкур соҳада тажриба алмашишга қаратилди.

Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам иштирок этди. У ўз нутқида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаси, шунингдек БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўналишида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича стратегик мақсадлари ва эришилган натижаларига тўхталиб ўтди.

Хусусан, Элдор Туляков бугунги кунда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика манбаларидан фойдаланиш ҳамда мамлакат иқтисодиётининг «яшил трансформацияси» юзасидан хорижий ҳамкорларни хабардор  қилиб, 2050 йилга бориб, унда углерод-нейтрал энергетикага ўтиш мақсад қилинганлигини эътироф этди.

Қолаверса, Марказ раҳбари қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида Хитой билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтиб, мисол тариқасида Хитойнинг электромобиллар ишлаб чиқарувчи «BYD Auto Industry» компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилганлигига эътибор қаратди.

Халқаро симпозиум якунида қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олинди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати