• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПЕКИНДАГИ ХАЛҚАРО ФОРУМДА ҲАМКОРЛИК МАСАЛАЛАРИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛДИ

   

2023 йилнинг 26 сентябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директор Элдор Туляков бошчилигидаги марказ экспертлари Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар институти томонидан Пекин шаҳрида ташкил этилган “Бир макон, бир йўл”нинг ўн йиллик ташаббуслари, эришилган натижалар ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро академик форумда иштирок этди.

Унда “Бир макон, бир йўл” дастури амалга оширилаётган мамлакатларнинг етакчи таҳлил марказлари, илмий ва академик доира вакиллари, халқаро ташкилотлар ва ХХРнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишди.

Форумдан кўзланган асосий мақсадлардан бири “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўн йиллик ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилиш ҳамда янги таклифлар юзасидан фикр алмашишдан иборат бўлди.

Халқаро форум давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляковнинг Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги икки томонлама муносабатларга бағишланган маърузаси тингланди. 

– Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг муҳим ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади, – деди Э.Туляков. – Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида эришилган салмоқли натижалар кўп қиррали стратегик ҳамкорликни жадаллаштириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, форумда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, стратегия ўз ичига барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғояларни ўз ичига олганлиги қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, Хитой билан мамлакатимиз ўртасидаги саноат, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳар томонлама стратегик шериклик ўзаро манфаатли ҳамкорликдан дарак беради.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмат