• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

«ЎЗБEКИСТОН – 2030» СТРАТЕГИЯСИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИНИ ЕТКАЗИШГА ҚАРАТИЛГАН УЧРАШУВЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Айни кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларини “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти билан таништиришга бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда.

Мана шундай тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги божхона қўмитаси, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхоналарида бўлиб ўтди.

Унда мазкур ташкилотларнинг раҳбарияти, марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва қуйи ташкилотлари бошлиқлари ва ходимларидан иборат умумий олганда 6000 дан ортиқ иштирокчилар қатнашдилар. 

Бундан ташқари, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган тадбирлар юртимизнинг йирик олий таълим муассасаларида ҳам ташкил этилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтларида ташкил этилган учрашувларда олий таълим муассасалари раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат умумий олганда 500 га яқин иштирокчилар қатнашдилар.

Тадбирларда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан мазкур стратегик ҳужжатни тасдиқлашга оид Президент Фармони ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид қабул қилинган Президент қарорини мазмун моҳияти батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши бўйича белгиланган мақсадлар, уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари қатнашувчилар иштирокида муҳокама қилиб ўтилди.

Учрашувлар самимий, очиқ мулоқот тарзида ўтиб, қатнашчиларнинг барча саволларига экспертлар  томонидан батафсил жавоб берилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати