• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БИШКЕК ШАҲРИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА МИНТАҚАВИЙ ҲАМКОРЛИК ВА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкек шаҳрида жойлашган Академиясида жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари “Марказий Осиё: кенг қамровли хавфсизлик ва барқарор тараққиёт” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фарруҳ Ҳакимов Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва “5+1” кўп томонлама дипломатик мулоқот майдонининг аҳамияти ҳақида маъруза қилди.

Маърузада Ўзбекистон ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганлиги, давлатлар ўртасида дўстона руҳдаги қулай дипломатик муҳит шаклланганлиги, хусусан, Давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилганлиги, шунингдек, минтақада сувдан фойдаланиш, чегараларни кесиб ўтиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш каби масалаларга ечим топилганлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида минтақамиз улкан имкониятлар маконига айланди. Қолаверса, Ўзбекистон ташаббуси билан минтақавий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкамланиши асносида Марказий Осиёнинг халқаро майдонда ягона субъект сифатида мавқеи ортиб бораётганлиги кузатилмоқда.

Бунга мисол тариқасида агар ўтган йил давомида илк бор олий даражадаги “Марказий Осиё – Хитой”, “Марказий Осиё – Ҳиндистон”, “Марказий Осиё – Россия”, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” каби саммитлар самарали ташкил этилган бўлса, жорий йилда ҳам Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев Хитойнинг Сиан шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой”, Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” cаммитларида, шунингдек, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида олий даражадаги “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё”, Берлин шаҳрида “Марказий Осиё – Германия” ҳамда Нью-Йоркда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг “С5+1” форматидаги биринчи саммитларида иштирок этди.

Таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг фаол, прагматик ва конструктив ташқи сиёсати натижасида нафақат Марказий Осиё давлатлари билан аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда, балки дунёнинг бошқа минтақалари, хусусан Европа, Америка, Кавказ, Жанубий-Шарқий Осиё, Араб давлатлари, Ҳинд ва Тинч океани минтақаларидаги давлатлар билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ва стратегик ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Ўзбекистоннинг жорий йилда Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларида раислик қилиши ҳамда мамлакатда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида саммитларнинг муваффақиятли ташкил этилганлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очмоқда.

Мухтасар айтганда, халқаро конференция иштирокчилари томонидан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичга чиқиши ва хорижий ҳамкор давлатлар ўртасида турли дипломатик ва мулоқот майдонларининг шаклланаётганлиги Марказий Осиёнинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамиятини оширганлиги ҳамда бундай шароитда мувозанатли ҳамкорликни таъминлаш муҳим ҳисобланиши эътироф этилди.
 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати