• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЕВРОПАРЛАМЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН ВА ЕИ ҲАМКОРЛИГИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков жорий йилнинг 4-6 март кунлари Ўзбекистон делегацияси таркибида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташриф билан Брюссель шаҳрида бўлди.

Ташриф доирасида Европарламент биносида депутатлар, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (ЕТҲХ) ҳамда Европа комиссияси вакиллари иштирокида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикликни янада ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган стратегик ислоҳотлар ва мамлакатимизни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари, янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар тақдимоти ўтказилди.

Хусусан, Марказ ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида Ўзбекистонда барча ислоҳотлар “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида олиб борилиши натижасида мамлакатда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви, муҳим стратегик ҳужжатларни қабул қилиниши, умуман, ислоҳотларнинг барча босқичларидаги иштироки ва фаоллиги ортгани, натижада давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги таъминганлигини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, бошқарувнинг барча бўғинидаги мансабдор шахсларнинг Парламент ва маҳаллий Кенгашлар олдида мажбурий ҳисобот бериши ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётган бўлса, чиқарилаётган қарорларнинг очиқ электрон порталларда мунтазам эълон қилиб борилиши ислоҳотлар жараёнида жамоатчиликнинг фаол иштирокини, мансабдор шахслар ва бюджетлар устидан эса назоратни таъминлаш имконини бергани таъкидланди.

Иштирокчилар эътибори Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик жараёнларидаги муҳим ролига қаратилди. Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва дунё давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга қаратилган очиқ ва прагматик ташқи сиёсати давлатлар ўртасида англашув ҳамда ишонч муҳитини яратиб, минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани эътироф этилди.

Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда “Марказий Осиё – ЕИ” форматидаги ташаббусларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати