• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ТОМОНИДАН “ЎЗБEКИСТОН – 2030” СТРАТEГИЯСИ РАМЗИ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси рамзининг асосини “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” тимсоли сифатида “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи образи ташкил этади.

Рамзда акс эттирилган Мустақиллик монументи мамлакатимиз тарихи, бугунги куни ва келажакнинг ўзаро уйғунлиги ифодаси сифатида талқин этилса, унинг юксакликка бўйлашиши негизида халқимизнинг бирлиги ва бирдамлиги, Ўзбекистоннинг дунё давлатлари билан ҳамжиҳатлиги, тинчликсевар сиёсати мужассамлашган.

Шунингдек, юқорига интилган чизиқлар динамикасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешта устувор йўналиши ва унда белгиланган 100 та мақсадни тўлиқ ҳамда муваффақиятли амалга ошириш эзгу ғояси мавжуд.

Логотипнинг юқори қисмида бахт-саодат, ҳуррият ва тинчлик тимсоли ҳисобланган қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. У қадим, уч минг йилдан зиёд давлатчилик тажрибасига эга, шу билан бирга, навқирон, орзу-мақсадлари улкан, қонида эрксеварлик туйғулари жўш ураётган, меҳнатсевар ва олийжаноб халқига таянадиган давлат тимсоли сифатида гавдаланган.

Ҳумо қушга туташ устунлар эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, таълим ва тарбия, давлат ва жамият мувозанатининг ифодаси сифатида тасвирланган. Шунингдек, мазкур элемент давлатнинг ҳокимиятни амалга ошириши, шу билан бирга жамият манфаатлари, эркинликлари, талаблари ўртасидаги мувофиқлик ва уйғунликни англатади.

Стратегия рамзида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида қоида сифатида белгиланган “Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат” тамойилининг мажозий нишонаси сифатида учбурчак шакл элементидан фойдаланилган. У фаол ислоҳотларни амалга ошириш даврида аҳолининг барча қатламларини муҳофазалаш, улар учун тенг имкониятлар яратиш, айниқса, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам доимо давлат олдидаги устувор вазифа эканлигининг тамал тошидир. 

Мустақиллик монументининг ички қисмида акс эттирилган жамият – Ўзбекистоннинг бир халқи образи ҳисобланади. Унда юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, улуғ мақсад йўлида бирлашган, тинчликсевар, меҳнаткаш, бағрикенг ва доно халқимиз гавдаланади. Шунингдек, мазкур образ мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон қадри, унинг фаровон турмуш кечиришига қаратилаётганини акс эттириб, давлатнинг бебаҳо бойлиги халқ эканлигини англатади. 

Ушбу элемент халқимизнинг тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатли эканлигини намоён қилади. Шу билан бирга, у мустаҳкам оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида доимо жамият ва давлат муҳофазасида эканлигини ифодалайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати