• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ХУСУСИЙ СEКТОРНИНГ ЎРНИНИ ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2024 йил 16 апрель куни Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида соғлиқни сақлаш соҳаси, жумладан фармацевтика йўналишида ўз ечимини кутаётган муаммолар бўйича очиқ давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Парламент аъзолари, Адлия вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, Европа Иттифоқи дипломатик корпуси, ақл марказлари, маҳаллий ва хорижий тиббиёт муассасалари ҳамда фармацевтика компаниялари вакиллари иштирок этди.

Асосий эътибор мамлакатимиз фармацевтика саноатининг бугунги ҳолатини муҳокама қилиш, соҳада Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларига қаратилди. Иштирокчилар Ўзбекистон бозорига илғор Европа технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон ва Европа фармацевтика компаниялари ўртасида сармоя киритиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан фикр алмашди.

Давра суҳбати давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг фаоллигини ошириш “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган стратегик мақсадларга эришишнинг асосий омили ҳисобланишини таъкидлади.

“Тиббиёт муассасаларни модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш учун хусусий инвестициялар ва инновациялар зарур, бу эса Ўзбекистон аҳолисининг саломатлигини яхшилаш ва умр кўриш давомийлигини оширишга ёрдам беради. Дунё тажрибаси кўрсатганидек, соҳада сезиларли ютуқларга эришиш учун хусусий секторнинг иштироки муҳим. Шунинг учун “Ўзбекистон-2030” стратегиясида барча соҳалардаги нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш ва тиббий муассасаларни тўлиқ рақамлаштириш каби вазифалар белгиланган” – дея қўшимча қилди Марказ раҳбари.

Хусусий сектор ва жамоат ташкилотлари вакилларининг ўзаро мулоқоти учун қулай имконият яратган тадбир якунида Ўзбекистонда тиббиёт хизматлари ва фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
 Ахборот хизмати