• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ: ИНСОН САЛОҲИЯТИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ” МАВЗУСИДА РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятлари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар, ақл марказлари мутахассислари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этишди.

Конференцияда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишларида белгиланган вазифалар, хусусан, таълим тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш, маънавий тараққиёт ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижалари юзасидан тақдимотлар ўтказилиб, маърузалар қилинди.

Анжуманда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов иштирок этиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган мақсадлар ва устувор йўналишлар, жумладан, стратегия доирасида рақамлаштириш жараёнлари ҳамда мамлакатда ҳақиқий ахборот жамиятини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилди.

Маърузада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барча соҳаларда рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, хусусан, Стратегиянинг 57-мақсадида рақамли технологияларни ривожлантириш орқали Ўзбекистонни Марказий Осиёда минтақавий “хаб”га айлантириш, шунингдек, мазкур мақсад доирасида 2030-йилгача “Рақамли ҳукумат” дастури орқали 300 та устувор лойиҳаларни ишга тушириш, “Электрон ҳукумат” тизимининг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтилиб, барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш,  БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида топ-30 таликка киришга эришиш каби аниқ мақсадлар кўзда тутилганлиги таъкидланди.

Тадбир якунида маърузачиларнинг чиқишлари ва конференция мавзуси юзасидан иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди ҳамда илгари сурилган таклифлар муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати