• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА “ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН МОНИТОРИНГ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 20-23 май кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури ижроси устидан мониторинг ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг мақсад ва вазифаларини аҳолига етказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида мониторинг ва жамоатчилик тадбирларини ўтказишмоқда. 

Ана шундай тадбирлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари ҳамда “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси масъуллари иштирокида ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикасининг 17 та туман ва шаҳарлари, шунингдек, давлат ва нодавлат органларидан 300 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан  “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди. Хусусан, “uzbekistan2030.uz” онлайн портали тақдимоти ўтказилиб, унинг асосий вазифа ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидландики, ушбу портал орқали аҳоли “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда ҳар йили Стратегия асосида қабул қилинадиган Давлат дастурларининг амалга оширилиши ва натижадорлигини мунтазам кузатиб, ўз фикр, таклиф ва муносабатларини билдириб бориш имкониятига эга. Платформада билдирилган фикр ва илгари сурилган ташаббуслар Марказ экспертлари томонидан тизимлаштирилиб ҳар ойда Республика комиссиясига тақдим этиб борилади.

Шунингдек, ҳудудий дастурларда белгиланган вазифалар ва уларнинг бажарилиши ҳолати ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг амалга оширилиши бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро ҳолати кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди.

Тадбир якунида 2024 йилги Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларида фаол иштирок этган юртдошларимизга “Тараққиёт стратегияси” марказининг ташаккурномалари топширилди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати