• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТУРКИЯНИНГ БАЛИКЕСИР УНИВЕРСИТЕТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК КЕНГАЙТИРИЛАДИ

“Тараққиёт стратегияси” марказида Марказ ижрочи директори Элдор Туляков Баликесир Университети ректори, профессор Др. Южель Огурлу билан учрашди.

Учрашувда Элдор Туляков Баликесир Университети ректорини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, шунингдек, Марказнинг бугунги фаолияти билан таништирди.

Ўз навбатида, Южель Огурлу Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар ва сўнгги йиллардаги ўзгаришларни алоҳида қизиқиш билан кузатиб боришини ҳамда мамлакатга бўладиган ҳар бир ташрифи самарали ўтаётганини таъкидлади.

Шу нуқтайи назардан, ташриф чоғида Баликесир университети Ўзбекистоннинг бир қатор ташкилотлари, “ақл марказлари”,  олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, хусусан, ўзаро янги қўшма таълим дастурларини жорий қилиш, биргаликда илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш, нуфузли илмий нашрларда мақолалар чоп этиш ҳамда халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш каби масалаларда келишувларга эришганлигини маълум қилди.

Айни пайтда Баликесир Университети ректори, профессор Др. Южель Огурлу Элдор Туляковни бу йил Туркияда бўлиб ўтадиган навбатдаги Халқаро маъмурий ҳуқуқ симпозиумига таклиф қилди.

Мулоқот давомида ҳар икки томон ҳамкорликни янада ривожлантириш ва томонларни қизиқтирган барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати