• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ШАНХАЙДА ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ БЎЙИЧА ИПАК ЙЎЛИ ТАҲЛИЛ МАРКАЗЛАРИ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Хитойнинг Шанхай шаҳрида жойлашган Фудан университетида “Электрон тижорат бўйича Ипак йўли таҳлил марказлари форуми” бўлиб ўтди.

Мазкур форумга “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорлик олиб бораётган давлатларнинг нуфузли “ақл марказлари” вакиллари таклиф этилиб, унда рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича долзарб масалаларни биргаликда тадқиқ қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Халқаро тадбир дастурига мувофиқ маърузачилар электрон тижорат ва рақамлаштириш бўйича тақдимотлар қилишди. Хусусан, форумда иштирок этган “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов томонидан Ўзбекистонда рақамлаштириш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар ҳақида маъруза қилинди.  

Форумда бугунги кунда дунё бўйлаб электрон тижорат жадал ривожланаётганлиги ва мамлакатлар иқтисодий ривожига турли маҳсулотларини қулай ва тезкор етказилишига хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Рақамли иқтисодиётга, хусусан, электрон тижоратга катта миқдорда моддий ва илмий сармоя киритилиши ортидан ушбу соҳалар сўнги йилларда фаол ривожланаётганлигига эътибор қаратилди. Жумладан, Хитой мисолида кўриш мумкинки, 2023 йил якунига келиб Хитой ялпи ички маҳсулотида рақамли иқтисодиётнинг улуши 10%ни (1 трлн 750 млрд АҚШ доллари) ташкил қилди. Ўз навбатида, Хитойнинг трансчегаравий электрон савдоси ҳажми 2022 йилга нисбатан 15% га ўсиб, 2023 йилда 331 млрд АҚШ долларига етган. Келгусида мобиль интернет алоқанинг “6G” каби янги авлодларини ишга туширилиши рақамли иқтисодиёт ва электрон тижоратни янада ривожланишига олиб келиши кутилмоқда.

Шунингдек, форумда “Электрон тижорат бўйича Ипак йўли таҳлил марказлари ҳамжамияти” ташкил этилганлиги эълон қилинди. Ҳамжамият Фудан университети томонидан мувофиқлаштирилиб, “Бир макон, бир йўл” иштирокчи давлатлари доирасида электрон тижорат имкониятларини кенг жорий қилиш орқали савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштиришни мақсад қилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати