• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ҚУРИЛИШ СОҲАСИДАГИ НАТИЖА ВА РЕЖАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Хабар бериб бораётганимиздек, “Тараққиёт стратегияси” маркази иштирокида  қатор вазирлик, идора ва ташкилотларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва 2024-йилги Давлат дастури муҳокамасига оид тадбирлар ўтказилмоқда. Шу мазмундаги учрашувлардан бири Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси”  маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, йиғилганларга “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Давлат дастурининг устувор йўналиш ва мақсадлари бўйича кенгроқ маълумот берди. Марказ раҳбари ўз нутқида 2030 йилгача ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадлари доирасида белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Стратегияда урбанизация даражасини 51 фоиздан 60 фоизга етказиш, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш, ҳудудларда 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш, “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 100 тага етказиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйлар қуриш, республикада камида 140 минг оила учун ижтимоий уйлар барпо этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, жойларда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ҳудуднинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ва демографик ривожланишини инобатга олган ҳолда қуриш, ривожланган давлатларнинг бино-иншоотлар бўйича қурилиш хавфсизлиги меъёрлари асосида янги стандартларни жорий қилиш, қурилишда монтаж ишларини баҳолаш, текшириш ва қабул қилиш тизимига хусусий секторни кенг жалб қилиш, соҳада ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиб, йилига 20 минг нафар профессионал уста тайёрлаш вазифалари белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги зиммасига 2024 йилги Давлат дастури доирасида 41 та аниқ топшириқ ва вазифа юклатилган. Тадбир давомида ушбу вазифалар ижроси устидан олиб борилаётган мониторинг натижалари таҳлил қилиниб, йил якунигача белгиланган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати