• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ ХОДИМЛАРИ “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ МАЗМУНИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

Фавқулодда вазиятлар вазирлигида “Ўзбекистон-2030” стратегияси мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков иштирок этиб, шахсий таркибга  Стратегия ва ундан ўрин олган устувор йўналишлар ҳақида маълумот берди.

Жумладан, Марказ эксперти 5 та устувор йўналиш ва 100 та муҳим мақсадни ўз ичига олган Стратегия барқарор иқтисодий ўсиш орқали мамлакатни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиши, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш учун хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир давомида стратегиядаги мақсад ва кўрсаткичларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрганиш мақсадида ишга туширилган махсус онлайн портал – “uzbekistan2030.uz” ҳақида ҳам маълумот тақдим қилинди.

Таъкидланганидек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан юритиладиган ушбу платформа орқали аҳоли Стратегия ва Давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдириш имкониятига эга. Ўз навбатида, Марказ ходимлари барча таклиф ва ташаббусларни умумлаштириб ҳар ойда Республика комиссиясига тақдим этиб боради.

Мулоқот якунида иштирокчилар “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва унинг устувор йўналишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати