• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚ ДИПЛОМАТИЯСИ ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО МУЛОҚОТНИНГ САМАРАЛИ ВОСИТАСИ: ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ

Тошкент шаҳрида “Халқ дипломатияси диний бағрикенглик ва миллатлараро мулоқотнинг самарали воситаси: янги Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Хитой томонидан ишлаб чиқилиб, жорий йил 7 июнда БМТ Бош Ассамблеясида бир овоздан маъқулланган “Цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” резолюцияси ижроси доирасида ташкил этилди.

ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ҳамда Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов маъруза билан иштирок этди.

Марказ эксперти ўз нутқида сўнги йилларда мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган чуқур ўйланган сиёсат натижасида фуқаролар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамланиб, тобора такомиллаштирилиб борилаётган миллатлараро ва конфессиялараро мулоқот механизмлари ҳақида тўхталди.

“Бу жараёнларда стратегик ҳужжатлар – Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ҳамда ўтган йили қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 100-мақсадида “Жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш” устувор мақсад сифатида белгиланган” – деди Фаррух Ҳакимов.

Таъкидланганидек, 2024 йил Давлат дастурида ҳам Ўзбекистонда “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ташкил этиш, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш, хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга масофадан туриб куну-тун хизмат кўрсатувчи “Murojaat.vatandoshlarfondi.uz” онлайн электрон портални ишга тушириш, хорижий мамлакатлар ва юртимиздаги бошқа миллат вакиллари билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш, “Дўстлик” фестивали ҳамда   Бағрикенглик ҳафталигини юқори савияда ўтказиш каби вазифалар белгиланган бўлиб, уларни самарали амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Тадбирда Марказий Осиё минтақасидаги қўшни мамлакатлар билан азалий дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамлашда давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.

Конференция якунида халқларимиз ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш, ҳам мамлакатда, ҳам минтақада диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, керакли тавсия ва хулосалар ишлаб чиқилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати