• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

27 август куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Адлия вазирлиги, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, Президент Фармонида белгиланган  фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари бўйича маълумот берди.

Жумладан, Фармон билан давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш каби энг муҳим олтита йўналиш белгилаб берилди.

Ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирлар мазмунига тўхталар экан, Марказ раҳбари ушбу Фармон қабул қилинишининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

— Фуқаролик жамияти институтлари замонавий демократик давлатни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Улар нафақат турли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини акс эттиради, балки барқарор ва демократик жамият шаклланишига ҳам ёрдам беради.

Шу нуқтаи назардан, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишларини аниқлаш уларнинг мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Яъни, бу билан ресурсларнинг концентрацияси таъминланиб, уларнинг мақсадли ва самарали ишлаши эҳтимоли ортади, - деди Элдор Туляков.

Таъкидландики, мазкур ҳужжат фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик институтини ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиб, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Мулоқот тарзида ўтган тадбир якунида Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва унинг ижросини самарали таъминланишида давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлигини фаол йўлга қўйиш масалалари бўйича таклифлар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати