• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎҚУВЧИЛАРГА “ЎЗБEКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ЕТКАЗИЛДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан қатор вазирлик, ташкилот ва идоралар ҳамда таълим муассасаларида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Тадбирда таълим муассасаси раҳбарияти, педагог-ходимлар ҳамда 150 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этди. Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Анваржон Миркомилов мамлакат ривожланишига хизмат қиладиган муҳим ҳужжат – “Ўзбeкистон – 2030” стратегиясининг барча устувор йўналишлари бўйича белгиланган мақсад ва вазифалар аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Марказ эксперти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармони лойиҳасида ёшлар сиёсатига оид, жумладан,  таълим ислоҳотларини изчил давом эттириш ҳамда умумий ўрта таълим сифатини ошириш мақсадида белгиланаётган вазифаларга эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, лойиҳага кўра алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчилар билан ишлайдиган ўқитувчиларни сертификатлаш амалиётини йўлга қўйиш, ҳар бир туманда (шаҳарда) инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаб фаолияти ташкил этиш, умумий ўрта таълим муассасаларига 500 нафар хорижий мутахассислар жалб этиш, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида тажриба-синов тариқасида олис ҳудудлардан қатнайдиган мактаб ўқувчилари учун бепул автобуслар қатновини йўлга қўйиш, нодавлат умумтаълим ташкилотлар сонини 600 тага етказиш каби қатор вазифалар назарда тутилмоқда.   

Якунда ўқувчиларнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва 2025 йил Давлат дастури лойиҳаси юзасидан берилган саволларга жавоблар берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати