• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИТАЛИЯ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВДА ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Пьергабриеле Пападия де Боттини билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Италия элчихонаси ўртасидаги самарали ҳамкорликни юқори баҳолаб, Италиядаги етакчи ташкилотлар билан ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Хусусан, илмий ва таҳлилий соҳаларда доимий фикр алмашиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш мақсадида ўқув дастурлари ва тренинглар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Италия экспертларини жалб қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда давра суҳбатлари, конференциялар ва илмий-тадқиқот лойиҳалари орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва турли йўналишларда тажриба алмашишни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув очиқ ва конструктив муҳитда ўтиб, келгусида ҳамкорлик истиқболларини доимий равишда муҳокама қилишга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
ахборот хизмати