• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

РЕНЕССАНС ТАЪЛИМ УНИВЕРСИТЕТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

2025 йил 11 март куни Ренессанс таълим университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда “Тараққиёт стратегияси”  маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили Давлат дастурининг мазмун-моҳияти бўйича тақдимот ўтказди.

Марказ раҳбари Давлат дастурида белгиланган энг муҳим чора-тадбирлар, хусусан, ҳудудларда экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш каби қатор мақсадлар доирасида белгиланган вазифаларга тўхталиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларига жавоблар бериб ўтди.  

Шунингдек, учрашувда Марказ раҳбарияти ва Университет ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум доирасида келгусида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда қўшма саъй-ҳаракатларни йўналтириш, хусусан, илм-фан ва таълим соҳасини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда миллий ва халқаро даражадаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўзаро келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати