• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТОҒ-КОН САНОАТИ ВА ГЕОЛОГИЯ ВАЗИРЛИГИДА “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ БЎЙИЧА ИҚТИСОДИЙ ЎҚИШ БЎЛИБ ЎТДИ

2025 йил 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан иқтисодий ўқиш ўтказилди. Мазкур семинар вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда тизим ташкилотларидаги масъул мутахассислар учун ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари Авазбек Холбеков ва  Искандар Ўроқбоевлар семинарда “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва уни “Атроф-муҳитини асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифалар, бевосита вазирлик-идоралар, жумладан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида тақдимот қилишди.

Хусусан, геологиянинг иқтисодий ривожланишдаги ўрни, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, минерал хомашё захирасидан самарали фойдаланиш, ҳудудларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш, Ўзбекистонда қора металлургия саноатини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, иқтисодиётнинг драйвер тармоқлари учун минерал хомашё базаси захираларини кўпайтиришга оид вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, семинар давомида “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамда 2025 йилги Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича вазирлик томонидан тизимли чора-тадбирлар олиб борилиши хусусида қўшимча қилинди.

Тадбир якунида Марказ ва вазирлик амалий тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати