• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ “ЕВРОПА ИТТИФОҚИНИНГ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҲАФТАЛИГИ – 2025”ДА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ НАМОЙИШ ЭТДИ

Жорий йил 17-20 март кунлари Брюссел шаҳрида бўлиб ўтаётган “Европа Иттифоқининг Фуқаролик жамияти ҳафталиги – 2025” халқаро тадбирида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон фуқаролик жамияти делегацияси қатнашмоқда.

Мамлакатимиз делегацияси таркибида ЎзННТМА Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маркази директори Мавлюда Ширинова ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов иштирок этяпти.

Халқаро тадбирларнинг иккинчи кунида Марказ ижрочи директори Элдор Туляков Европа етакчилари билан учрашиб, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ва фуқаролик жамияти иштирокини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашди.

Жумладан,  Элдор Туляков Европа Иқтисодий ва Ижтимоий Қўмитаси вице-президенти Аурел Лауренцию Плошану, Европа Парламенти вице-президенти Николае Штефэнуцэ, Европа Омбудсмени Тереза Анжину ва “Democracy International” ташкилотидан Даниэла Ванчик билан учрашди. Учрашувлар давомида Марказ раҳбари хорижий ҳамкорларга Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва аҳолининг сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш борасида эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, сўнгги саккиз йил давомида Ўзбекистонда жамоатчилик фаоллигини ошириш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки ва таъсирини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилди. Бу ўзгаришлар “Халқ билан мулоқот” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойиллар асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тамойилларнинг институционаллашуви давлат амалдорлари ва фуқаролар ўртасида тўғридан-тўғри ва тизимли мулоқот механизмини шакллантиришга, аҳоли муаммоларини самарали ҳал қилишга ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқаролар фикрини инобатга олинишига замин яратди.

Бу жараёнда ошкораликни таъминлаш механизмлари мустаҳкамланиб, фуқаролар иштирокини кенгайтириш бўйича ташаббуслар жорий этилганлиги ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот кучайтирилганлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш учун рақамли платформалар яратилиб, очиқ бюджет дастурлари жорий этилди ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланди.

Мулоқотлар давомида Элдор Туляков Ўзбекистон ҳамиша демократик бошқарув моделини янада ривожлантириш, энг яхши хорижий тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, миллий ва халқаро даражада фуқаролик жамияти институтлари билан самарали мулоқот ўрнатишга интилишини алоҳида таъкидлади.  

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати