• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЖАҲОН ПАРЛАМЕНТАРИЗМИ РИВОЖИ ЙЎЛИДА
2263 | 01 Апр. 2025 й.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

 

Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқ — дунёда шу йўналишдаги энг йирик ва нуфузли ташкилот сифатида глобал сиёсий жараёнларда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. 1889 йилда асос солинган ушбу тузилмага айни пайтда 181 та миллий ва 15 та минтақавий парламент аъзо бўлиб кирган.

Бу ташкилот нафақат парламентлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик учун самарали майдон, балки инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, иқлим ўзгариши, ёшлар масалалари каби глобал муаммоларга вакиллик органлари орқали ечим топишга қаратилган муҳим сиёсий платформа ҳамдир. БМТ билан узвий ҳамкорлик қилувчи мазкур ташкилот фаолияти дунё парламентларини умумий қадриятлар атрофида жипслаштиришга қаратилган.

Шу нуқтаи назардан, Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу — мамлакатимизнинг халқаро сиёсий харитадаги ўрни, глобал жараёнлардаги мақоми тобора юксалаётганининг амалий тасдиғидир.

Нуфузли ташкилотнинг юбилей Ассамблеясини Тошкентда ўтказиш — шараф билан бирга масъулият ҳамдир. Бугунги кунга келиб, 107 давлатдан 1100 дан ортиқ делегатлар, 46 та парламент спикерлари ва 63 та халқаро ташкилот вакиллари ушбу тадбирда иштирок этишини тасдиқлаган. Президентимизнинг махсус қарори асосида ташкилотчилик ишларига барча масъул идоралар, парламент, ҳукумат ва жамоат ташкилотлари жалб этилди. Хавфсизлик, инфратузилма, ахборот сиёсати, маданий дастурлар ва тарғибот фаолияти халқаро стандартларга мувофиқ йўлга қўйилди.

Бундай кенг кўламдаги тадбир илк бор юртимизда ўтказилмоқда ва у янги Ўзбекистон ислоҳотлари халқаро майдонда етарлича эътироф этилаётганининг ёрқин далилидир.

Ассамблеянинг бу йилги мавзуси — “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деб белгиланди. Мазкур мавзу парламентлар энди фақат қонун қабул қилувчи эмас, балки ижтимоий ўзгаришларни амалга оширувчи — камбағалликни қисқартириш, тенг имкониятлар яратиш, инсон қадрини улуғлашда ташаббускор сиёсий субъект сифатида қаралиши кераклигини англатади. Бу мавзудаги муҳокамалар дунё парламентлари ўртасида ўзаро тушуниш ва умумий ечимлар ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтириши муқаррар. Ассамблеяда ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга оид масалалар атрофлича муҳокама этилади.

Ассамблея кун тартиби тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, иқлим ўзгариши, ёшлар ва аёллар фаоллиги, қуролли можаролар таъсири, БМТ билан ҳамкорлик каби долзарб йўналишларни қамраб олади. Асосий сессияда ижтимоий тараққиёт ва адолат мавзусида умумий сиёсий муҳокама ўтказилади. Шунингдек, IPU қўмиталарининг ҳисоботлари, резолюция лойиҳалари муҳокамаси ва қабул қилиниши режалаштирилган.

Хусусан, Фаластиндаги вазият бўйича икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсий баёнот ва тинчлик ташаббуслари муҳокама марказида бўлади. Ёшлар форуми, аёл депутатлар учрашуви, сунъий интеллект, болалар ҳуқуқлари ва иқлим масалалари бўйича алоҳида тадбирлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси нафақат жаҳон парламентаризми ривожида муҳим босқич, балки инсон қадрини устувор қўядиган янги сиёсий йўналишнинг бошланиши ҳамдир. Ассамблеяда қабул қилинадиган ҳужжатлар — декларация ва резолюциялар XXI асрдаги парламент фаолияти учун амалий “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ушбу глобал сиёсий жараёнларда фаол овоз сифатида эмас, балки янги овоз яратувчи мамлакат сифатида ўзини намоён қилаётир. Тошкент эса дунё парламентлари учун янги мулоқот марказига айланмоқда.

 


0
Похожие новости