• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
БАРҚАРОР ЯҚИНЛАШУВ САРИ ЙЎЛ
3899 | 29 Апр. 2025 й.

Элдор Туляков,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори

 

Ўзбекистон мезбонлигида ўтадиган Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё давлатлари (GCC – C5) ўртасидаги иккинчи саммит икки минтақа муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим сиёсий майдон вазифасини ўтайди.

Бугунги мураккаб шароитда фақат ҳукуматлараро эмас, балки жамиятлараро яқинлашув ҳам барқарорлик ва ўзаро ишончнинг асосий пойдеворига айланмоқда. Саммит доирасида одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ақл марказлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасида энергетика, савдо, транспорт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бироқ бу сиёсий келишувларнинг мустаҳкам ва узоқ муддатли бўлиши одамлар ўртасидаги муносабатлар орқали қўллаб-қувватланиши лозим. Жаҳон тажрибасига кўра, инсонлараро алоқалар дипломатик мулоқот учун ижтимоий замин яратади. Барқарорлик муҳитини таъминлайди ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Шунинг учун ушбу масала саммит кун тартибининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ислом цивилизациясининг муҳим марказларидир. Бухоро, Самарқанд ва Хива каби шаҳарларни Макка, Мадина ва Дубай билан боғловчи ташаббуслар нафақат туризм, балки маънавий ва тарихий бирликни ҳам мустаҳкамлайди. Бу халқларимизнинг ўзаро бой маданияти ва тарихи билан яқиндан танишиш имкониятини оширади, жамоатчиликнинг давлатлараро ҳамкорликни яхши қабул қилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон бу йўналишда қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. 2023 йилда Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди. 2024 йилдан БАА билан ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги келишув кучга кирди. Қолаверса, бошқа Кўрфаз мамлакатлари билан ҳам шундай тартибни жорий этиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотлар одамлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Давлатлараро муносабатларда муайян чекловлар бўлиши мумкин, аммо ННТлар жамиятдаги муҳим муаммоларга инновацион ёндашиш, кенг жамоатчиликни жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятига эга.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инклюзив таълим, ёшлар масалалари, рақамли тенглик, гендер тенглик каби жабҳаларда ННТлар самарали мулоқотни таъминлаш воситасига айланмоқда. Ушбу ташкилотлар орқали ҳукумат ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш, ҳамкорликни институционал даражага олиб чиқиш лозим. Айрим ҳолларда фуқаролик жамияти институтлари расмий муҳокамалардан олдин нозик масалаларни жамият муҳокамасига чиқариш орқали кўприк вазифасини бажариши мумкин. Бу жараёнда экспертлар ҳамжамияти ва ақл марказларининг ўрни беқиёс.

Геосиёсий беқарорлик ва глобал чақириқлар шароитида ақл марказлари ўртасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этмоқда. Кўрфаз ва Марказий Осиё мамлакатларида фаолият юритаётган таҳлилий марказлар барқарорлик, хавфсизлик, иқтисодий диверсификация ва ижтимоий сиёсат масалаларида интеллектуал асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Биргаликдаги таҳлиллар, илмий мақолалар, экспертлар алмашинуви орқали ўзаро англашув ва сиёсий қарорлар сифати ошади.

Миллатлараро ҳамкорликни ривожлантиришда турли ташаббус ва лойиҳалар қаторида чегарага яқин ҳудудлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратиш лозим.

Сўнгги йилларда минтақамизда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар туфайли чегараолди ҳудудларда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари шаклланмоқда. Шу нуқтаи назардан, икки минтақа мамлакатлари ўртасида чегарага яқин ҳудудлар даражасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Бу, аввало, бундай ҳудудлар ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратиши, шунингдек, уларнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга замин ҳозирлаши мумкин.

Бундан ташқари, маҳаллий даражадаги ҳамкорлик асосида маданий фестиваллар, ёшлар алмашинуви дастурлари, таълим йўналишидаги шериклик ҳамда муниципал ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари мавжуд. Бундай ташаббуслар нафақат чегара ҳудудларидаги фаол алоқаларни мустаҳкамлайди, балки халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва яқинликни кучайтиришга ҳам хизмат қилади. Бу ҳудудлар халқ дипломатиясининг намунавий марказларига айланиб, стратегик келишувларни амалиётга жорий этишда катта ўрин тутади.

Саммит доирасида муҳокама этиладиган масалаларнинг ижобий натижалари ҳар бир минтақа аҳолиси учун долзарб аҳамият касб этади. Бу жараёнда жамиятлар, инсонлар ва ғоялар ўртасидаги яқинлашув муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, расмий даражадаги саъй-ҳаракатларнинг самарали амалга оширилиши ва кенг жамоатчилик томонидан тўғри англаниши учун ННТлар ва ақл марказлари орқали конструктив мулоқотни ривожлантириш икки минтақа келажагини белгилайдиган муҳим ва истиқболли ресурс бўлиб хизмат қилади.


4
Похожие новости