• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ДОИРАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ПОКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЭЪТИБОРИДА


2025 йилнинг 8 май куни “Тараққиёт стратегияси” марказига Покистон Ислом Республикаси Миллий мудофаа университети делегацияси ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ ижрочи директори ўринбосари Нилуфар Дониёрходжаева самимий қутлаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари ва устувор ташаббуслари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Учрашувда Марказ бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов томонидан Покистон делегацияси аъзолари учун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмуни, устувор йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Унда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилиб, жумладан, бешинчи устувор йўналиш – “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналиши доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини халқ ва давлат манфаатлари асосида изчил амалга ошириш, Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан дўстона ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш, анъанавий ҳамкорлар ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш орқали минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги аниқ стратегик вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Тадбир давомида, шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг амалга оширилишида жамоатчилик назоратининг ўрни ва аҳамияти ва бу борада Марказ томонидан олиб борилаётган мониторинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдимот якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги таъкидлаб ўтилди. Ўз навбатида, Покистон Ислом Республикаси Миллий мудофаа университети вакиллари томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиёти ва истиқболини белгилайдиган муҳим ҳужжат эканлиги алоҳида эътироф этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати