• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИСТАНБУЛ САБАҲАТТИН ЗАИМ УНИВEРСИТEТИ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 7-9 май кунлари Ўзбекистон делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида Истанбул шаҳрида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Истанбул Сабаҳаттин Заим университети ректори, профессор доктор Аҳмет Жеват Ажар билан учрашди.

Учрашувда Сабаҳаттин Заим университети раҳбарияти, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда мамлакатимиз делегацияси вакиллари иштирок этишди.

Мулоқот давомида мазкур олий таълим муассасаси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳамда университетда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар учун яратилган шароитлар, ўқиш жараёнига бўлган ёндашув ва истеъдодли ёшларнинг интилишлари ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, университетда ўзбек маданиятини тарғиб қилиш ва оммалаштириш мақсадида мунтазам равишда маданий тадбирлар ташкил этиб келинаётгани алоҳида эътироф этилди. Университет томонидан Ўзбекистонлик талабаларга кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз делегацияси вакиллари университетда ўзбекистонлик талабалар иштирокида ўтказилган маданий тадбирда қатнашди. Сўзга чиққанлар тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, таълим соҳасига ва ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида маълумот беришди.

Тадбирда Туркияда фаолият юритаётган ўзбек диаспораси вакиллари ҳам иштирок этди. Учрашув ва маданий тадбирлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро маданий алмашинувни кучайтириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази

Ахборот хизмати