• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ХАЛҚ ДАРДИ БИЛАН ЯШАЙДИ: АҲОЛИ МАНФААТЛАРИГА ҚАРАТИЛГАН БОШҚАРУВ

Жорий йил 16 июнь куни Президентимиз раислигида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида асосий эътибор амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир инсоннинг ҳаётида акс этиши кераклигига қаратилди. Зеро, бу давлат ривожида муҳим омил саналади.

Жойларда суд қарорлари ижроси таъминланмаслиги, давлат ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлашда масъулиятсизлиги, вакиллик органларининг назоратдан кўра фақат кўзбўямачилик билан шуғулланиши каби ҳолатлар эса халқнинг давлатга ва ислоҳотларга ишончини пасайтиради. Шу боис, йиғилишда ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши белгиланди.

Энди ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Берилган маблағларнинг қанчалик тўғри сарфланиши эмас, балки қандай самара бергани, аҳоли бундан қанчалик розилиги ҳам ўрганилади.

Туман ҳокимларининг ваколатлари кенгайтирилди Президентимиз аҳолининг дардини эшитиб, уларга шароит яратиб бериш раҳбарларнинг асосий вазифаси эканини айтиб, «Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият», деди.

Ушбу фикр ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳаёти, орзулари, яшаш шароити турганига яққол далилдир.

Эндиликда туман ҳокимлари ҳар куни ўз ишини аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайди, бугунги муаммони кейинга сурмайди. Мурожаатни шу жойнинг ўзида ҳал қилади. Бу борада, албатта, туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилади.

Давлатимиз раҳбари бу орқали жойларда аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш ва ҳудуд ривожини таъминлашга эришиш мақсадида туман раҳбарларига катта ишонч билдирди. Таъкидланганидек, агар туман бўғини самарали ишласа, бутун давлат механизми ишлайди. Ҳозирча эса туман ҳокимлари туман ташкилотлари штатини тақсимлаш, раҳбарни лавозимга тайинлаш, қониқарсиз фаолият юритганини вазифасидан озод этиш ёки маблағларни тақсимлаш каби асосий ваколатларга эга эмас. Энди барчаси ўзгаради: ҳар бир ҳоким ўз ҳудудида мустақил қарор қабул қилади, ҳар бир вазифа ва функцияси маблағи билан мустаҳкамланади. Акс ҳолда, маблағ оширилмайди ва масъул раҳбар ишдан кетади. Бу салоҳиятли раҳбарлар учун катта имконият бўлса, сустроғи учун сигналдир.

Бу тизимдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли муаммосини ечишга жиддий эътибор қаратишдан иборат. Ҳокимликлар халқ билан ишлашда мурожаатни турли идораларга юбормасдан, балки суҳбатлашиш, ечим топиш, ресурс ажратиш каби амалий фаолиятга кўпроқ эътибор берса, маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, инфратузилма, сув ва замонавий агротехнологиялар каби одамларга наф келтирадиган соҳалар ривожланади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорликни рағбатлантиради, аҳолини иш билан таъминлайди ва иқтисодий барқарорликка олиб келади.

Халқ тизимли ислоҳотлар натижасига гувоҳ бўлиши керак. Йиғилишда белгиланган вазифалар ва янгича бошқарув модели халқ ҳаётини бевосита ва билвосита ўзгартиришга қаратилган чоралардир. Эндиликда энг яхши раҳбар ва тизим рағбатлантирилади, масъулиятсизлар эса жавобгар бўлади. Бу эса халққа нисбатан адолатли ёндашув демакдир. Президентимиз аҳоли манфаати, инсон қадри ва дардини ҳал этиш зарурлигини асосий масала сифатида қайта-қайта эътироф этди. Ушбу янгича ёндашувлар, ислоҳотлар ва назорат механизмлари самараси аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши ва давлатга ишонч ортиши билан ўлчанади. Шу боис, энди ислоҳотлар ҳар бир маҳаллада, ҳар бир уйда, ҳар бир инсон ҳаётида ўз аксини топиши, «Инсон қадри учун» тамойили давлат сиёсатининг асосий мезонига айланиши лозим.

Элдор Туляков,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори