• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФВВ АКАДЕМИЯСИДА ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

2025 йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон ислоҳотлари: “Ҳаракатлар стратегияси”дан — “Ўзбекистон–2030” стратегияси сари”мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Академия раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатини Академия бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов очиб берди. У ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги позицияларини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларни эътироф этди.

Тадбирда сўз олган “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков 2017–2021 йилларда “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар, кейинчалик “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”, шунингдек, бугунги кунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мантиқий давом этаётганлигини таъкидлаб ўтди. Зеро, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси инсон қадрини улуғлаш, фаровон жамият ва кучли давлат барпо этишга қаратилган, мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Таъкидландики, мазкур стратегияда 100 та асосий мақсад орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, аҳолини сифатли таълим ва тиббий хизматлар билан қамраб олиш, экологик мувозанатни сақлаш, қулай ва хавфсиз ҳаёт шароитларини яратиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ва самарадорлигини ошириш каби устувор вазифаларни ҳал этиш назарда тутилган.

Давра суҳбати давомида ҳарбий хизматчилар ва курсантлар билан мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Тадбир сўнггида Академия раҳбариятига “Тараққиёт стратегияси” марказининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган энг муҳим ислоҳотларни ўзида акс эттирган тўпламлари тақдим этилди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати