• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОНДА ТУРИЗМ: МУАММОЛАР ВА РИВОЖЛАНИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
8362 | 29 Июль 2025 й.

Жамшид ШАРИПОВ,
"Тараққиёт стратегияси" маркази бўлим бошлиғи

Рамзидин НУРИДИНОВ,
"Тараққиёт стратегияси" маркази бош мутахассиси

 

БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) “Жаҳон туризми барометри” ҳисоботига кўра, 2024 йилга келиб халқаро туризм оқими COVID-19 пандемияси оқибатларидан тўлиқ тикланди. Инқироз бошланганидан тўрт йил ўтгач, халқаро саёҳатлар сони 2019 йилдаги даражанинг 99 фоизига етди. Бу эса соҳанинг энг оғир даврдан чиқиб кетганлигини англатади.

"Жаҳон туризми барометри" глобал сайёҳлик соҳасидаги қисқа муддатли йўналишларни кузатиб боради ва барча манфаатдор томонларга вазиятнинг долзарб таҳлилий шарҳини тақдим этади.

Жорий ҳолат таҳлили

UNWTO ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда дунё бўйича халқаро сайёҳлар сони тахминан 1,4 миллиард кишига етди ёки 2023 йилга нисбатан 11 фоизга ошди яъни 140 миллион сайёҳ қўшилди. 2025 йилда эса ижобий ўзгаришлар давом этиши кузатилмоқда: халқаро сайёҳлар сони яна 3-5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда туризм соҳасининг барқарор ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Сўнгги йилларда туризм хизматлари экспорти ҳажми 1,6 баробарга ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Бу эса мамлакатнинг халқаро майдондаги жозибадорлиги тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони биринчи марта 10 миллион кишидан ошди ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда. Ички туризм ҳам юқори фаолликни намоён этмоқда - ҳар йили мамлакат бўйлаб 20 миллиондан ортиқ фуқаро саёҳат қилмоқда.

UNWTO шафелигида ишлаб чиқилган Сайёҳларни ҳимоя қилиш халқаро кодексига Ўзбекистоннинг расман қўшилиши муҳим қадам бўлди. Бу мамлакат халқаро стандартларга риоя этишга, шаффофликни таъминлашга ва сайёҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилаётганини яққол кўрсатмоқда.

2024 йилги Туризм ва саёҳатни ривожлантириш индексининг умумий рейтингига кўра, Ўзбекистон 119 мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади. Таққослаш учун: Қозоғистон 52-ўринда, Тожикистон 99-ўринда, Қирғизистон эса 102-ўринда жойлашган. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2019-2024 йиллар оралиғида туризм ва саёҳатлар учун шароитларни яхшилашда энг катта тараққиётга эришган 10 та давлат қаторига кирди[1].


Туризмда энг катта тараққиётга эришган топ-10 мамлакатлар (2019-2024 йиллар оралиғида, фоизда)

 

 

Туризм ривожланишига таъсир этувчи муаммолар ва қийинчиликлар

БМТнинг Туризм бўйича экспертлар гуруҳи ўтказган тадқиқотларга кўра, иқтисодий ва геосиёсий муаммолар туризмнинг барқарор ривожланиши ҳамда саёҳатчиларнинг ишончига сезиларли хавф солишда давом этмоқда.

Бундай шароитда халқаро сайёҳлик оқимларининг янада ўсиши бир қатор қийинчиликлар билан кузатилмоқда. Хусусан, энг катта таъсирни иқтисодий ўсишнинг сустлиги (42 фоиз), транспорт ва яшаш харажатларининг юқорилиги (40 фоиз), юқори савдо тарифлари (37 фоиз), геосиёсий муаммолар (27 фоиз), истеъмолчилар ишончининг пастлиги (27 фоиз), саёҳатга қўйилган талаблар (18 фоиз) ва малакали кадрлар етишмаслиги (13 фоиз) кўрсатмоқда. Бу ва бошқа омиллар халқаро туризмнинг кейинги ривожланишини сезиларли даражада қийинлаштириши мумкин.



 

Халқаро туризмни ривожлантириш йўлидаги муаммолар(2025 йилнинг май ойи маълумотлари)[2]

Ўзбекистонда туризм соҳасини модернизация қилиш, жумладан, туристик шаҳарларда инфратузилмани ривожлантириш ва маданий меросни тарғиб этиш бўйича ютуқлар эришилганига қарамай, комплекс ёндашувни талаб қиладиган бир қатор муаммолар ҳали-ҳануз мавжуд.

Туризм инфратузилмасидаги ҳудудий номутаносиблик шулар жумласидандир. Сайёҳларнинг асосий оқими Самарқанд, Бухоро ва Хивага йўналтирилган бўлса-да, Фарғона водийси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонга транспорт ва меҳмонхона ресурслари етишмаслиги сабабли бориш қийинлигича қолмоқда. Ўзбекистон Президенти бошчилигида 2023 йил 29 мартда туризм салоҳиятини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам қўшимча 46 та авиарейс, 68 та темир йўл қатнови зарурлиги ҳамда Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида сайёҳлар учун автобуслар етишмаслиги таъкидланган эди[3].

Хизматлар сифати доим ҳам халқаро стандарт талабларига мос келмаслиги. Мазкур муаммо TripAdvisor платформасида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар томонидан қолдирилган фикр-мулоҳазалари асосида аниқланди. "Тараққиёт стратегияси" маркази мутахассислари, сайёҳлар томонидан қолдирилган фикр-мулоҳазалари бўйича ўтказилган таҳлиллари қуйидаги жиҳатларга оид кўплаб шикоятлар мавжудлигини кўрсатди:

- меҳмонхона соҳаси (барча шикоятларнинг 26 фоизини ташкил этади): хизматлар нархи ва сифатининг номутаносиблиги, эскирган жиҳозлар, хоналарнинг етарли даражада тозаланмаганлиги, иссиқ сув таъминотининг йўқлиги, нонушта сифатининг пастлиги ҳақида шикоятлар. Wi-Fi кўпинча мавжуд эмас ёки фақат меҳмонхона вестибюлида ишлаши, бу эса рақамли хизматлардан фойдаланувчилар учун ноқулайлик яратаётганлиги;

- ресторан ва кафелар (21 фоизи): буюртма берилган таомларни узоқ кутилиши (40-60 дақиқа), инглиз тилида таомномаларнинг йўқлиги, ходимлар билан мулоқот қилишнинг қийинлиги, таомларнинг тавсифига мос келмаслиги. Шунингдек, баъзи муассасалар нақдсиз ҳисоб-китобни ташкил қилиш ўрнига тўловларни ходимларнинг шахсий карта рақамларига ўтказишни талаб қилиши ишончсизлик ва фирибгарлик хавфини ошишига олиб келаётганлиги;

- турфирмалар ва гидлар (13 фоизи): лицензиясиз фаолият юритилиши, экскурсия етакчиларининг малакасизлиги, диққатга сазовор жойлар ҳақидаги билимларнинг етишмаслиги, маълумотларни тақдим этишда юзаки ёндашув;

- транспорт (11 фоизи): поезд чипталарини сотиб олишдаги қийинчиликлар, такси нархларининг юқорилиги (айниқса, вокзал ва аэропортлар яқинида), автобусларнинг санитария талабларига жавоб бермаслиги;

- диққатга сазовор жойлар (9 фоизи): сувенир сотувчиларнинг ёпишқоқлиги, тўланган чипталар бўйича чеклар тақдим этилмаслиги, фотосуратга олиш учун қўшимча тўлов талаб қилиниши, инглиз тилида ахборот материалларининг етишмаслиги;

- хизмат кўрсатувчи ходимлар (8 фоизи): қўполлик, одобсизлик, ташриф буюрувчиларга нисбатан юзаки муомала, айниқса меҳмонхоналарда. Шунингдек, ҳудудларда (Тошкент шаҳридан ташқари) мобил алоқа сифати билан боғлиқ муаммолар қайд этилган;

- санитария ҳолати (6 фоизи): кўчалардаги чиқиндилар, тозаланмаган жамоат жойлари, ҳожатхоналарнинг қониқарсиз аҳволи, куннинг қоронғи вақтида баъзи ҳудудларда хавфлилик ҳисси бўйича қатор эътирозлар келтирилган.

Муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида хорижий сайёҳлар сонини 15 миллион нафарга ва ички сайёҳлар сонини 25 миллион нафарга етказиш бўйича устувор мақсадлар белгиланганлигини инобатга олиб, шунингдек, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва Ўзбекистоннинг туристик  салоҳиятини ошириш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари қуйидаги ташаббусларни амалга оширишни тавсия қилади:

1. Кўп функцияли мобил иловани ишлаб чиқиш. Туристлар учун рақамли қўлланма сифатида давлат платформалари билан интеграциялашган мобил иловани яратиш. Мазкур илова қуйидаги имкониятларга эга бўлиши зарур:

• сертификатланган туристик гидлар базасига кириш ва экскурсияларни банд қилиш имконияти, бу эса ўз навбатида кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва ишончлилигини таъминлайди;

• сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида маҳаллий даражада фойдаланадиган такси чақириш хизматларини интеграция қилиш;

• меҳмонхоналар, ресторанлар, диққатга сазовор жойлар, банкоматлар, валюта айирбошлаш шохобчалари, Wi-Fi зоналари, тиббиёт муассасалари ва туризм полицияси бўлимлари бўйича фильтр қилиш имкониятига эга интерактив харитани назарда тутиш;

• ташриф вақти ва тавсия этилган тўхташ жойларини кўрсатадиган шахсийлаштирилган йўналишларни яратиш функциясини инобатга олиш;

• интерфейсдан бир нечта тилда фойдаланиш (ўзбек, инглиз, рус, хитой ва бошқа тиллар);

• илованинг асосий функцияларидан офлайн тарзда фойдаланиш (масалан, харита ва йўналишларни белгилаш);

• онлайн тўлов тизимлари билан интеграция қилиш;

• сайёҳларнинг юзага келиши мумкин бўлган муаммоларини ҳал қилиш учун реал вақт режимида ишлайдиган қўллаб-қувватлаш хизматини назарда тутиш.

Japan Official Travel App - Япония миллий сайёҳлик ташкилоти (JNTO) томонидан ишлаб чиқилган расмий мобил илова бўлиб, мазкур илова ёрдам маълумотлари, жамоат транспорти йўналишлари, Wi-Fi нуқталари ва банкоматлар, шифохоналар рўйхати, ресторанлар менюси, юкларни сақлаш хизматлари ва ҳатто табиий офатлар ҳақида маълумотларни бериб туради[4].

• туристик хизматлар ҳақида фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти;

• аниқ белгиланган муддатларда мурожаатларни кўриб чиқиш кафолати билан самарали қайта алоқа тизими;

• ёлғон шикоятларни аниқлаш ва туризм соҳаси иштирокчиларининг ишбилармонлик обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида фикр-мулоҳазаларни саралаш (модерация) ва таҳлил қилиш имкониятини назарда тутиш. Италия корхоналари вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, ёлғон шикоятлар туристик корхоналарнинг даромадларини 6-30 фоизга камайтириши мумкин[5].

Буюк Британиянинг VisitBritain расмий платформасида фақат сертификатланган туристик объектларга ташриф буюрган сайёҳларнинг шикоятлари кўриб чиқилади. Жавоб бериш икки босқичда амалга оширилади: тасдиқлаш - икки иш куни ичида, тўлиқ жавоб бериш эса  - 28 кун ичида[6].

2. Мобил иловани тарғиб қилиш. Сайёҳлар оммавий ташриф буюрадиган жойлар: аэропортлар, темир йўл вокзаллари, метро бекатлари, автовокзаллар ва туристик ахборот марказларида кўп функцияли мобил иловани фаол тарғиб қилиш тавсия этилади.

Тарғибот воситалари ёрқин реклама материаллари (баннерлар, рақамли экранлар, QR -кодли стикерлар), иловани ўрнатган ва ундан фаол фойдаланаётган фойдаланувчилар учун бонуслар ёки чегирмаларни назарда тутиш. Бундай ёндашув содиқ фойдаланувчилар базасини шакллантиришга ва маҳсулотнинг сайёҳлар орасида танилишига ёрдам беради.

3. Рақамли ахборот дўконлар (киосклар)ини ўрнатиш. Туристлар кўп тўпланадиган жойлар (аэропортлар, вокзаллар, тарихий марказлар) да бир нечта тилда фойдаланиш имкониятига эга бўлган сенсор терминалларини жойлаштириш тавсия этилади. Ахборот дўконларида қуйидаги имкониятлардан фойдаланишни назарда тутиш мақсадга мувофиқ:

• диққатга сазовор жойлар, транспорт ва тадбирлар ҳақидаги долзарб маълумотларни олиш;

• интерактив хариталар, чипталарни банд қилиш, такси чақириш;

• чоп этиш имконияти, таржима қилиш, қурилмаларни қувватлаш ва туризмни қўллаб-қувватлаш хизмати билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш функцияларини киритиш лозим.

Жанубий Кореянинг "Smart Tourist Information System" тизими -   саёҳат йўналишлари бўйича тавсиялар олиш, таржима хизмати, саёҳатларни банд қилиш ва 1330 рақами орқали қўллаб-қувватлаш хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи интерактив дўконлар (киосклар) тармоғи ҳисобланади[7].

4. Диққатга сазовор жойларда QR-кодларни ўрнатиш. Туристик ҳудудларда саёҳатчиларга бир неча тилларда маданий мерос объектлари, музейлар ва тарихий обидалар тўғрисида маълумот олиш имконини берувчи QR-кодларни жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу тизим орқали фотосуратлар, видеолар ва матнли тавсифларни ўз ичига олган мультимедиа веб-саҳифаларига кириш орқали маълумот олиш имконини яратиш ва сайёҳларга гид хизматларини мажбурлаб таклиф қилиш амалиётидан воз кечиш лозим.

Рио-де-Жанейрода 2023 йилдан бошлаб QR-кодлар кўчалар ва маданий мерос объектларига жойлаштирилмоқда. Биринчи бўлиб бундай тизим Арпоадор қоясига ўрнатилган. Сайёҳлар уни сканерлаб, диққатга сазовор жойлар ҳақидаги мультимедиали қўлланмадан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар[8].

5. Мобил жойлашув маълумотларидан (Mobile Positioning Data) фойдаланиш. Расмий туризм статистикасини шакллантиришда маълумот манбаи сифатида MPDдан фойдаланиш амалиётини жорий этиш тавсия этилади. Ушбу усулнинг афзалликлари: аниқроқ, тезкор ва батафсил маълумотларни олиш, ички ва халқаро ҳаракатларни кузатиш, кенг кўламли ва қиммат сўровлар ўтказмасдан ҳисобни автоматлаштириш.

Эстония 10 йилдан буён MPDни туризм статистикасининг асосий манбаи сифатида қўллаб келмоқда. Фойдаланиш тартиби Positium компанияси ва Тарту университети олимлари билан ҳамкорликда, Европа Иттифоқи, БМТ, ХВЖнинг барча стандартлари ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ишлаб чиқилган[9].

Ўз навбатида, юқорида таклиф қилинган чора-тадбирлар сайёҳлик хизматларининг сифатини ошириш, саёҳатчиларни маълумот билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, сайёҳлик оқимларини ҳисобга олишни такомиллаштириш имконини беради. Рақамли ечимларни ҳар томонлама жорий этиш ва халқаро тажрибани ўзлаштириш Ўзбекистонни жаҳон миқёсида рақобатбардош сайёҳлик йўналишига айлантириш йўлидаги муҳим қадамлар ҳисобланади.

 

7
Похожие новости