• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ РАҲБАРИ ШҲТ МЕДИА ВА ТАҲЛИЛ МАРКАЗЛАРИ САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Жорий йилнинг 23-25 июль кунлари Хитойнинг Хенан провинцияси маркази Чжэнчжоу шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) медиа ва таҳлил марказлари саммити бўлиб ўтди. Синхуа ахборот агентлиги, Синхуа институти, Хитой ижтимоий фанлар академияси ва Хенан вилояти ҳукумати томонидан ташкил этилган нуфузли тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.  

Саммитда 30 га яқин давлатдан 400 нафардан ортиқ таҳлил марказлари, сиёсий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, ўзгараётган дунёда ШҲТнинг роли ва биргаликдаги барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилишди.  

Жумладан, Марказ раҳбари Элдор Туляков “Ўзбекистон – Хитой стратегик ҳамкорлиги ва ШҲТнинг янада ўзаро боғлиқ дунё барпо этишдаги ўрни” мавзусидаги маъруза билан чиқиш қилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори ўз нутқида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ривожланиб бораётган стратегик шериклик муносабатлари, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, Хитой ва ШҲТнинг глобал боғлиқлик, савдо ва барқарор ривожланишни илгари суришдаги ўрнига эътибор қаратди.  Таъкидландики, бугунги кунда келиб Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорига айланди. 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 12,4 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, Хитойнинг Ўзбекистондаги тўғридан-тўғри инвестициялари 10 миллиард доллардан ошган бўлиб, энергетика, телекоммуникация, транспорт, кончилик, тўқимачилик ва рақамли инфратузилма каби муҳим тармоқларда 3 300 дан зиёд қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда очиқлик, ўзаро ҳурмат ва прагматизм асосида амалга ошираётган фаол ташқи сиёсати, минтақадаги давлатлар билан биродарлик ва ҳамкорлик руҳидаги муносабатларнинг йўлга қўйилиши ҳамда мамлакатнинг халқаро майдонда масъулиятли ва фаол иштирокчи сифатида юксалишига хизмат қилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтилди.

Саммит доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари ва тадбирда иштирок этаётган хорижий ташкилотлар ҳамда дунёнинг етакчи ақл марказлари ўртасида амалий натижаларга бой бўлган бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказилиб, келгусида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати