• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХХР РАИСИ СИ ЦЗИНЬПИННИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА ОИД КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

2025 йилнинг 19 август куни Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида нашр этилган “Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида” номли китоби тақдимоти ҳамда ушбу тўпламга бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди.

Мазкур тадбирлар Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамияти, Хитой Халқ Республикасининг Адабиётларни хорижий тилларда нашр этиш ва тарқатиш ишлари бўйича бошқармаси, ХХРнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимотда 14-чақириқ Умумхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг доимий аъзоси, Миллий ва диний ишлар бўйича комиссия бошлиғининг ўринбосари, Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, дипломатик корпус, илмий ва академик доиралар, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлари иштирок этди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков маъруза билан иштирок этди. Сўзга чиққанлар мазкур янги нашр Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид концептуал ёндашувларини очиб берувчи манба сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Ушбу китобнинг ўзбек тилида нашр этилиши ўзаро илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши эътироф этилди.

Илмий-амалий семинарда эса асосий эътибор  инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилиш, соҳада тажриба алмашиш, гуманитар ва академик ҳамкорлик истиқболларига қаратилди.  

Тадбирда икки мамлакатнинг академик ва илмий доиралари, давлат ҳокимияти органлари вакиллари, парламент аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар намояндалари иштирок этди.

Хитой томони Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини юқори баҳолади. Ушбу саъй-ҳаракатлар минтақанинг барқарор ривожланиши ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиши, давлатлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Семинар иштирокчилари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегияларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, жумладан, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларни амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Шунингдек, соҳада малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган илмий-маърифий ташаббуслар, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой университетлари ва илмий марказлари ўртасида қўшма тадқиқот лойиҳалари ҳамда академик алмашинувларни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Семинар якунида томонлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий таҳдидларни чуқур ўрганиш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган қўшма форумлар, семинарлар ва эксперт учрашувларини ташкил этиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича тизимли мулоқотни ривожлантириш Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ишонч ва узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати