• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТОШКЕНТ МИНТАҚАВИЙ ЎҚУВ МАРКАЗИДА “ЎЗБЕКИСТОН–2030” СТРАТЕГИЯСИГА БАҒИШЛАНГАН ЎҚУВ МАШҒУЛОТИ ЎТКАЗИЛДИ

2025 йил 21 август куни Тошкент минтақавий ўқув марказида шахсий таркиб ва тингловчилар учун “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон–2030” стратегиясига бағишланган ўқув машғулоти ташкил этилди.

Ушбу ўқув машғулотида “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов иштирок этиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари ҳамда ушбу стратегия доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида маъруза қилди.

Ўқув машғулотида асосий эътибор Стратегиянинг бешинчи – “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналиши доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қаратилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини халқ ва давлат манфаатлари асосида изчил амалга ошириш, Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан дўстона ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш, анъанавий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш орқали минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги аниқ стратегик вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг инсон қадрини улуғлаш, фаровон жамият ва кучли давлат барпо этишга қаратилган, мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат сифатидаги аҳамияти очиб берилди. Таъкидланганидек, мазкур Стратегияда 100 та асосий мақсад орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, аҳолини сифатли таълим ва тиббий хизматлар билан қамраб олиш, экологик мувозанатни сақлаш, қулай ва хавфсиз ҳаёт шароитларини яратиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ва самарадорлигини ошириш каби устувор вазифаларни ҳал этиш назарда тутилган.

Тадбир давомида, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ижроси ҳамда бу жараёнда Марказ томонидан олиб борилган жамоатчилик назоратининг ўрни ва аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Якунда тингловчилар Стратегия доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати