
Жамшид ШАРИПОВ,
"Тараққиёт стратегияси" маркази бўлим бошлиғи
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Янги Ўзбекистон” ғоясига асосланган бўлиб. Бу жараённинг марказида инсон қадри ва халқ фаровонлигини таъминлаш ғояси турибди. “Ҳаракатлар стратегияси” ва “Тараққиёт стратегияси”нинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегияси иқтисодиётни модернизация қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини халққа хизмат қиладиган тизимга айлантириш ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган.
Иқтисодий ислоҳотлар нафақат рақамларда, балки ҳаёт сифатининг яхшиланишида, турмуш даражасининг ошишида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Маҳалладан тортиб халқаро майдонгача – ҳар бир соҳада янги ёндашувлар амалга кириб, мамлакат тараққиётининг янги қиёфаси шаклланмоқда.
Макроиқтисодий барқарорлик – фаровонликнинг пойдевори
Сўнгги саккиз йилда иқтисодиёт изчил ўсиш траекториясига чиқди. ЯИМ ҳажми 2017 йилдаги 69,6 млрд. доллардан 2024 йилда 115 млрд. долларга етди. Бир қарашда рақамлар оддий статистикадек туюлиши мумкин. Бироқ улар ортида миллионлаб инсонларнинг турмуш шароити яхшилангани, иш ўринлари кўпайгани ва янги имкониятлар очилгани ётади.
Инфляция даражасининг 14,4 фоиздан 9,8 фоизга пасайиши эса бозорларда нарх-наволарни барқарор сақлашга, аҳолининг кундалик харид қобилияти ошишига хизмат қилди. Бу кўрсаткичлар иқтисодий сиёсатдаги узлуксиз ислоҳотлар самарасини яққол кўрсатади.
Давлат молиясида очиқлик ва самарадорлик
Фуқаролар давлат бюджети жараёнида бевосита иштирок эта бошлади. “Очиқ бюджет”, “Менинг йўлим” ва “Ташаббусли бюджет” платформалари орқали ҳар бир инсон ўз овози билан маҳалласининг, шаҳарининг ривожига ҳисса қўшмоқда.
Давлат бюджети даромадлари 2017 йилдаги 49,7 трлн. сўмдан 2024 йилда 274,4 трлн. сўмга етди. Бир вақтнинг ўзида ҚҚС ставкасининг 20 фоиздан 12 фоизга туширилиши тадбиркорлар учун юкни енгиллаштирди ва уларнинг рақобатбардошлигини оширди.
Инвестиция муҳити – ишонч ва ҳамкорлик майдони
Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро майдонда ишончли ҳамкор сифатида ўзини кўрсатди. 2024 йил май ойида Тошкентда ўтказилган халқаро инвестиция форумида 26,6 млрд. долларлик келишувлар имзолангани мамлакатимизга бўлган ишончнинг ёрқин исботидир.
Асосий капиталга инвестициялар 2017 йилдаги 72,2 трлн. сўмдан 2024 йилда қарийб 494 трлн. сўмга етди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса 3,3 млрд. доллардан 34,7 млрд. долларга кўтарилди. Бу рақамлар ортида янги заводлар, ишлаб чиқариш корхоналари, технологиялар ва энг муҳими – янги иш ўринлари мужассам.
Банк тизими – молиявий барқарорлик гарови
Молия бозорини эркинлаштириш ва тўлов тизимларини модернизация қилиш аҳоли ва бизнес учун катта қулайликлар яратди. “HUMO” ва “Uzcard” тизимларининг интеграция қилиниши тўловлар шаффофлигини таъминлади.
2024 йилда тижорат банкларидаги омонатлар ҳажми 308,7 трлн. сўмга етди. Бу кўрсаткич халқнинг молия тизимига ишончи ортаётганидан далолат. Фоиз ставкалари пасайтирилиши эса тадбиркорларнинг кредит олиб иш бошлаш имкониятларини кенгайтирди.
“Яшил иқтисодиёт” ва рақамли технологиялар – келажакни қуриш
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва рақамли иқтисодиёт йўналишларига катта эътибор қаратилмоқда. Бухоро, Навоий ва Наманганда қурилган қуёш ва шамол электростанциялари мамлакатнинг энергетик мустақиллиги сари ташланган қадамдир. 2024 йилда “яшил энергия”нинг умумий улуши 16 фоизга етди.
Шу билан бирга, интернет тезлигининг 4200 Гбит/с.га етказилиши, аҳоли пунктларини 97,5 фоиз даражада кенг полосали интернет билан қамраб олиш рақамли иқтисодиёт ривожига замин яратди. Бу ислоҳотлар нафaқaт иқтисодий ўсиш, балки ҳаёт сифатининг мутлақо янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Хусусий сектор ва мухим тармоқлар – миллий иқтисодиётнинг драйвери
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилмоқда. Янги қонунлар ва қўллаб-қувватлаш дастурлари орқали хусусий сектор иқтисодиётнинг етакчи кучига айланиб бормоқда.
Саноатда BYD ва KIA каби халқаро брендлар ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйди. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар 1,2 млн. гектар майдонда жорий этилди. Туризм соҳасида эса 2017 йилдаги 2,7 млн сайёҳ сони 2024 йилда 10 млн. нафарга етди.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон–2030” стратегияси халқ фаровонлиги ва давлат барқарорлигини таъминлаш йўлида амалий ҳаракатлар дастурига айланди. Макроиқтисодий барқарорлик, бюджет сиёсатининг очиқлиги, инвестициявий муҳитнинг кенгайиши, банк тизимининг модернизацияси, “яшил” ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши ҳамда хусусий секторнинг қуввати мамлакатнинг янги қиёфасини яратмоқда.
Энг муҳими, бу ислоҳотлар рақамларда эмас, балки ҳаётда – халқнинг кундалик турмуш тарзида, аҳоли учун яратилаётган имкониятларда ўз аксини топмоқда. Ушбу жараёнларнинг изчил давом эттирилиши “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган узоқ муддатли мақсадларга эришишга хизмат қилади.