
Рақамлаштириш - замонавий иқтисодиётнинг асосий омили бўлиб, меҳнат унумдорлигини ошириш, хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва глобал жараёнларга қўшилишга ёрдам беради. Рақамли трансформация иқтисодиёт ва жамиятни тубдан ўзгартиради. У ривожланиш, инновациялар ва самарадорликни оширишни рағбатлантиради, қашшоқлик ва тенгсизликни камайтириш, шунингдек, ташқи таъсирларга, шу жумладан иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш учун янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистонда рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мобил алоқа абонентларининг умумий сони 2017 йилга нисбатан 13,7 миллионга ошиб, 2024 йилда 36,3 миллион кишини ташкил этди[1], интернетдан фойдаланувчилар сони эса қарийб уч баробарга ошиб, 32,1 миллионга етди[2].
Speedtest Global Index маълумотларига кўра, сўнгги олти йил ичида Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича сезиларли ютуқларга эришди: 2020 йилдаги 133-ўриндан 2025 йилда 71-ўринга кўтарилди[3]. Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (EGDI) бўйича мамлакат 2018 йилдаги 81-ўринга нисбатан 2024 йилда 63-ўринни эгаллади.
Рақамли тенгсизликнинг келиб чиқиш сабаблари
Эришилган ютуқларга қарамай, ҳудудлар ҳамда шаҳар ва қишлоқлар ўртасида рақамли тафовут сақланиб қолмоқда, бу эса мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини чекламоқда. Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, рақамли трансформация жараёни тўғри бошқарилмаса, у мавжуд тенгсизликни кучайтириши ва минтақаларнинг барқарор ривожланишига путур етказиши мумкин.
Жаҳон банкининг (Digital Progress and Trends Report) ҳисоботига кўра, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда рақамли тафовут қашшоқликнинг чуқурлашишига ва унумдорликнинг пасайишига олиб келади. Технологик жиҳатдан ривожланган мамлакатлардаги компаниялар генератив сунъий интеллектни фаол жорий этаётган бир пайтда, иқтисодиёти ривожланаётган аксарият мамлакатларда корхоналарнинг ярмидан камроғи базавий интернетга уланиш имкониятига эга[4].
“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертининг фикрига кўра, Ўзбекистонда рақамли тенгсизлик юзага келишининг асосий сабаблари қуйидагилар ҳисобланади:
1. Тармоқлар билан нотекис қамраб олинганлиги. GSMA маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри ва туман марказларини қамраб олган 3G ва 4G тармоқларига қараганда 2G мобил тармоғи ҳудудларни кенгроқ қамраб олган. Қишлоқ жойларда эса интернет тезлиги камдан-кам ҳолларда 2 Мбит/с дан ошади, бу эса замонавий иловалар билан ишлаш талабларига жавоб бермайди. Транспорт воситаларида ҳаракатланаётганда эса сигналнинг кучсизлиги ва база станциялари орасидаги ўтишлар сабабли тезлик янада 10-50 Кбит/с пасаяди. Бу ҳолат рақамли хизматлардан тўлиқ фойдаланишни чеклайди ҳамда ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликни кучайтиради.

2. Хизмат нархининг юқорилиги. Freedom House тадқиқотларига кўра, Тошкент шаҳридан ташқарида интернетнинг кириб бориш даражаси анча паст. Пойтахтда FTTB технологияси бўйича интернет ва кенг полосали уланишнинг энг юқори даражаси мавжуд бўлиб, бу ҳудудлар кўрсаткичларидан анча юқори. Бундан ташқари, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) инфратузилмасининг қишлоқ жойларида ривожланиши бевосита барқарор электр таъминотига ҳам боғлиқ. Шу сабабли, қишлоқ жойларда мобил интернет асосий уланиш манбаи бўлиб қолмоқда, аммо унинг юқори нархи паст даромадли аҳолига уланиш имкониятини чеклайди. Натижада Тошкент шаҳрида ҳар 100 нафар аҳолига 209 та интернет абоненти тўғри келса, аксарият ҳудудларда бу кўрсаткич 70 тага ҳам етмайди. Бу эса ўз навбатида давлат хизматлари, онлайн таълим ва рақамли бизнес имкониятларидан фойдаланишни чеклайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси
3. Рақамли саводхонликнинг пастлиги. Рақамли кўникмаларнинг етишмаслиги, айниқса қишлоқ жойларда, онлайн хизматлардан фойдаланишни қийинлаштиради. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, мактаб ўқувчиларининг атиги 40 фоизи компьютердан фойдаланишни билади ва атиги 37 фоизи рақамли саводхонликка эга. Қишлоқ жойларда бу кўрсаткич янада паст - 30 фоиздан кам[5].
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маълумотларига кўра, Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида рақамли трансформацияни рағбатлантириш учун зарур бўлган рақамли кўникмалар даражаси умуман олганда пастлигича қолмоқда. Одамлар рақамли трансформация афзалликларидан тўлиқ фойдаланишлари учун рақамли технологияларни ўзлаштириш даражаси жуда муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистонга келадиган бўлсак, ОТБ экспертларининг фикрига кўра, аҳолининг атиги 15 фоизи базавий кўникмаларга, 7-8 фоизи стандарт кўникмаларга эга, бу эса рақамли саводхонликнинг пастлигидан далолат беради[6].
Рақамли кўникмалар даражаси, БМТнинг ЭСКАТО таснифига кўра, базавий (матн киритиш, нусха кўчириш), стандарт (иловалар билан ишлаш) ва илғор (дастурлаш) даражаларга бўлинади.
Осиё давлатларида рақамли кўникмаларни
ўзлаштирганлик даражаси

Манба: Harnessing Digital Transformation for Good: Asian Development Policy Report 2025
4. Рақамли инфратузилмага инвестицияларнинг камлиги. Рақамли инвестициялар мутлақ ҳажмининг ўсаётганлигига қарамай, Ўзбекистонга инвестициялар оқимининг катта қисми ҳали ҳам рақамли бўлмаган тармоқларга тўғри келмоқда. 2003 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг тахминан 5 фоизи рақамли тармоқларга тўғри келди. Ушбу улуш Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон каби Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари кўрсаткичларидан юқори бўлса-да, ИҲТТ мамлакатлари (24 фоиз) ва ИҲТТга аъзо бўлмаган мамлакатларда (14 фоиз) қайд этилган ўртача кўрсаткичлардан анча пастлигича қолмоқда[7].
Рақамли тенгсизликни камайтириш бўйича тавсиялар.
Осиё тараққиёт банки экспертларининг фикрига кўра, минтақавий иқтисодиётларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантиришда ўзига хос иқтисодий шароитларни ҳисобга олишлари зарур. Стратегияларни танлашда рақамлаштириш даражасига, инклюзивлик ва барқарорлик даражасига таяниш зарур. Дунё ўртача даражаси билан таққослаганда, рақамли ривожланиш даражаси паст бўлган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон рақамли инфратузилмани ривожлантириш, рақамли кўникмалар ва саводхонликни ошириш, шунингдек, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга эътибор қаратган ҳолда рақамли трансформацияни жадаллаштириши керак[8].
Ўз навбатида, Жаҳон банки экспертларининг таъкидлашича, инфратузилма, иқтисодий ва таълим тўсиқлари туфайли юзага келган ҳудудий рақамли тенгсизлик қашшоқликни кучайтиради ва аҳолининг рақамли иқтисодиёт имкониятларидан фойдаланишини чеклаб, даромадлар ўртасидаги тафовутни кучайтиради. Ушбу хатарларни камайтириш учун телекоммуникация инфратузилмасига кенг кўламли инвестициялар киритиш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва инклюзив сиёсатни жорий этиш зарур.
Хорижий давлатлар тажрибаси ва халқаро ташкилотлар тавсияларидан келиб чиқиб рақамли тенгсизликни минималлаштириш ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг давлат хизматларини 2030 йилгача 100 фоиз электрон шаклга ўтказиш бўйича мақсадга тўлақонли эришиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилади:
Биринчидан. Йирик контент провайдерлари (Google, Netflix) ва булутли хизматлардан фойдаланган ҳолда интернет-трафик алмашиш нуқталарини (IXP) ривожлантириш, бу эса рақамли тенгсизликни камайтиришга ёрдам беради.
Жаҳон банкининг Digital Progress and Trends Report ҳисоботига кўра, паст ва ўрта даромадли IXPга эга бўлган ва етакчи провайдерлар билан ҳамкорлик қилган мамлакатларда 1 Гб мобил интернет нархи IXPга эга бўлмаган мамлакатларга қараганда беш баравар паст, мобил интернетдан фойдаланиш даражаси эса деярли уч баравар юқори бўлган.
IXP тармоқлар ўртасида тўғридан-тўғри трафик алмашинувини таъминлайди, бу эса харажатлар ва узилишларни камайтиради, интернет тезлигини оширади. Бу, айниқса, рақамлаштириш даражаси паст бўлган ҳудудлар, жумладан, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойлари учун муҳим бўлиб, уларда IXP орқали уланиш халқаро каналларга эҳтиёжни камайтиради, чекка ҳудудларда интернет тезлигини яхшилайди, узулишларни камайтиради ва маҳаллий алмашинув орқали интернет нархини 20 фоизгача пасайтиради.
Шу билан бирга, халқаро экспертлар паст ва ўрта даромадли мамлакатлар ҳукуматларига IXP бозорини либераллаштириш ва устунлик қилувчи интернет провайдерлари улардан фойдаланишга тўсқинлик қилмаслигини таъминлашни тавсия қилишади[9].
Иккинчидан. Таълим дастурларини танқидий қайта кўриб чиқиш. Малайзиянинг #MyDigitalMaker тажрибасидан келиб чиқиб, амалиётга йўналтирилган таълимга эътибор қаратган ҳолда, информатика ва ахборот технологиялари бўйича мактаб ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини модернизация қилиш зарур. Сабаби, халқаро экспертларнинг фикрига кўра, IT-таълимга сарфланган ҳар бир доллар мамлакат иқтисодиётига 10 долларгача фойда келтиради.
Малайзияда 2016 йил август ойида ишга туширилган MyDigitalMaker дастури ёшларни рақамли технологияларнинг оддий фойдаланувчиларидан рақамли иқтисодиётнинг фаол иштирокчиларига айлантиришга муваффақ бўлган[10].
Учинчидан. Аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш учун мобил иловаларни ишлаб чиқиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш. Аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш учун базавий рақамли кўникмалар, интернет хавфсизлиги, давлат хизматлари ва онлайн таълимга йўналтирилган ўзбек тилидаги мобил иловаларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу, айниқса, фақат ўзбек тилида гаплашадиган ва технологиялардан фойдаланиш имконияти чекланган қишлоқ аҳолиси, аёллар ва кексалар учун муҳимдир.
Шу билан бирга, маҳаллий дастурчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурларини ишга тушириш, маҳаллийлаштирилган иловаларни яратишни рағбатлантириш учун IT Park Uzbekistan орқали грантлар ва солиқ имтиёзларини тақдим этиш, ресурсларни шакллантиришга кўмаклашиш мақсадга мувофиқ.
Жанубий Кореяда Digital Literacy Program дастури рақамли кўникмалар, жумладан, сунъий интеллект ва интернет хавфсизлигини корейс тилида ўргатиш учун маҳсус иловаларни (масалан, К-МООC) яратди.
Ҳиндистонда Digital India дастури маҳаллий тиллардаги иловаларни яратиш орқали рақамли саводхонликни 20 фоизга оширишга муваффақ бўлди. 2015 йил 1 июлда бошланган "Рақамли Ҳиндистон" (Digital India) дастури умумий рақамли саводхонликни ошириш, қишлоқ ҳудудларини юқори тезликдаги интернет тармоқларига улаш, хавфсиз ва барқарор рақамли инфратузилмани ривожлантиришни назарда тутади[11].
Тўртинчидан.Эстониянинг муваффақиятли тажрибасига асосланиб, мактаблар, олий таълим ва тиббиёт муассасалари, кутубхоналар, истироҳат боғлари ва маданият муассасаларида уланиш ва фойдаланиш (абонент тўлови) харажатларини субсидиялаш орқали бепул Wi-Fi зоналарини ташкил этиш ва ривожлантириш. Бунда, электр таъминоти барқарор бўлмаган қишлоқ жойлардаги Wi-Fi нуқталарини қувватлантириш учун қуёш панелларидан фойдаланишни назарда тутиш.
Эстония Tiigrihüpe (1996-2000) дастури доирасида барча мактабларни, шу жумладан қишлоқ мактабларини ҳам интернетга улади ва компьютерлар билан жиҳозлаб, рақамли саводхонликка асос солди. 2020 йилга келиб, мамлакат 1100 дан ортиқ бепул Wi-Fi зоналарини яратди ва ҳудуднинг 98 фоизини симсиз интернет билан таъминлади, бу эса Эстонияни Европа Иттифоқида интернет фойдаланувчилари сони бўйича етакчи ва интернет эркинлиги бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқарди (Freedom House, 2024) [12].
Хулоса қилиб айтганда, рақамли тафовутни минималлаштириш телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, таълим дастурларини ислоҳ қилиш, рақамли саводхонликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рақамли хизматлар бозорида рақобатни рағбатлантиришни ўз ичига олган тизимли ёндашувни талаб қилади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, аниқ стратегик режалаштириш ва аҳолининг заиф қатламларига эътибор қаратиш орқали чекланган ресурслар билан ҳам сезиларли натижаларга эришиш мумкин.
[4] https://openknowledge.worldbank.org/server/api/core/bitstreams/95fe55e9-f110-4ba8-933f-e65572e05395/content
[7] Promoting investment in support of Uzbekistan’s digital transformation, OECD
[8] https://www.adb.org/sites/default/files/publication/1050686/asian-development-policy-report-2025.pdf