• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФИНЛЯНДИЯНИНГ ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ИЛҒОР ТАЖРИБАЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

Европа мамлакатларида давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият тизимини ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш юзасидан бир гуруҳ экспертлардан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Финляндияда бўлди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори молиявий кўмагида ташкил этилган мазкур ташриф доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Финляндиядаги қатор ташкилот ва идораларда бўлиб, у ердаги маҳаллий давлат бошқаруви ва жамоат хизмати тизимини такомиллаштиришга доир илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.

Финляндия шаҳар ва муниципалитетлар уюшмаси
(AFCM)да учрашув

Делегация аъзолари Финляндия шаҳар ва муниципалитетлар уюшмаси (AFCM) Халқаро алоқалар бўйича менежери Лаура Парсама билан учрашди. Уюшманинг маҳаллий бошқарувни ривожлантиришдаги вазифалари, муниципалитетлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик муҳокамалари ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларида ягона позицияни таъминлашдаги роли муҳокама этилди.

– Финляндия шаҳар ва муниципалитетлар уюшмаси фаолиятига оид тақдимот давомида унинг шаҳар ва туманлардаги ташкилот ва идораларга услубий, ҳуқуқий ҳамда ташкилий кўмак кўрсатиши ҳақида маълумотга эга бўлдик, – дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Уюшма Хельсинки ва Брюсселдаги идоралари орқали миллий ва Европа даражасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, идораларга услубий, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан самарали ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу биз учун ўрганишимиз керак бўлган тажрибадир. Яқинда Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш уюшма тузилиши режалаштирилаётганини инобатга олиб, Финляндия тажрибасини амалда қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.

Финляндия Республикаси Молия вазирлигида учрашув

Делегация аъзолари Молия вазирлиги ҳузуридаги “Фаровонлик хизматлари ҳудудларини бошқариш” бўлими (Department for Steering of Wellbeing Services Counties) бош маслаҳатчиси Маркку Мёлляри билан мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида маҳаллий ва минтақавий ўзини ўзи бошқаришнинг конституциявий ва қонунчилик асослари, муниципалитетлар ҳамда “Фаровонлик хизматлари ҳудудлари” ўртасидаги ваколат тақсимоти кўриб чиқилди. Молия вазирлигининг маҳаллий солиқлар ва давлат грантларини мувофиқлаштириш орқали марказий ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги муносабатларни тартибга солишдаги ўрни, демократик ҳисобдорлик, фуқаролар иштирокини таъминлаш, молиявий барқарорликни мониторинг қилиш ва хавфларни олдиндан аниқлаш механизмлари юзасидан ахборот берилди.

Шунингдек, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар — функцияларни ҳудудий даражада жамлаш, рақамли хизматларни кенгайтириш, хизмат сифатини тенглаштириш  бўйича дастлабки натижалар ва янгиланадиган меъёрий-ҳуқуқий асослар муҳокама этилди. Мазкур тажриба Ўзбекистонда аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи самарали ва ҳисобдор маҳаллий бошқарувни шакллантиришга амалий ҳисса қўшиши таъкидланди.

Хельсинки шаҳар ҳокимиятидаги учрашув

Делегация аъзолари Хельсинки шаҳар ижроия бошқармаси (City Executive Office) Маъмурий жараёнлар директори Антти Пелтонен билан учрашувда шаҳар бошқарувининг стратегик тузилмаси, шаҳар кенгаши ва шаҳар бошқармаси (City Board)нинг ваколатлари, бюджет жараёнлари ҳамда назорат механизмлари ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.

Хельсинки шаҳар кенгаши 85 нафар аъзодан иборат бўлиб, ҳар тўрт йилда сайланади; у стратегия, бюджет, солиқ ставкалари ва ривожланиш режаларини тасдиқлайди, йиғилишлар очиқ ўтказилиб, жонли эфирда намойиш этилади. 15 нафар аъзодан иборат шаҳар бошқармаси мэр ва тўрт нафар ўринбосар раҳбарлигида шаҳарнинг кундалик фаолиятини таъминлайди. 684 минг нафар аҳоли ва 38 мингдан ортиқ ходимга эга Хельсинки 2025–2029 йилларга мўлжалланган стратегиясида очиқлик, фуқаролар иштирокини кенгайтириш, шунингдек рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида хизматлар самарадорлигини оширишни устувор йўналиш қилиб белгилаган.

HAUS Давлат бошқаруви институтида билан учрашув

Давлат улушига эга HAUS Давлат бошқаруви институти 50 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, давлат хизматини ривожлантириш, стратегик раҳбарлик, инсон ресурслари бошқаруви ва сифат менежментини жорий этиш бўйича етакчи ўқув маркази ҳисобланади.

У ерда ўтказилган учрашувда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, барқарор лидерликни ривожлантириш, ислоҳотларни амалга оширишда инсон омилини кучайтириш ва илғор бошқарув усулларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама этилди. Айниқса, HAUS институти вакиллари томонидан Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳалар ва келгусида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар мамнуният билан қайд этилди.

Ташриф натижалари

Ташриф якунларига кўра, Финляндияда маҳаллий кенгашлар пропорционал сайлов тизими асосида шакллантирилиши, муниципалитетларни қўшиш орқали йириклаштириш сиёсати изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

– Финляндия тажрибасини кузатдикки, уларда ҳоким одатда маҳаллий кенгашда ғолиб бўлган партиядан кўрсатилар экан, – дейди Элдор Туляков. – Молия вазирлиги коммунал соҳалар фаолияти ва молияси устидан умумий мувофиқлаштирувчи назоратни амалга оширади. Маҳаллий кенгашларга бўйсунувчи ҳудудий ҳисоб (аудит) палаталари ва қўмиталари фаолият юритади. Ёшлар, кексалар ва имконияти чекланган шахслар масалалари бўйича алоҳида кенгашлар ташкил этилган. Депутатларга сессияларда иштирок этгани учун тўлов ва йил якуни бўйича рағбатлантириш пули берилади. Маҳаллий кенгаш таркибидаги сиёсий партияларга эса ҳар бир депутат ҳисобидан йилига тахминан 3 минг евродан молиявий маблағ ажратилиши Финляндия тажрибасининг ўзига хос жиҳати ҳисобланади. Умуман олганда, ўрганилган билим, кўникма ва тажрибалар Ўзбекистонда маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш, давлат хизматининг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли манфаатига йўналтирилган очиқ ва ҳисобдор бошқарувни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга муҳим амалий ҳисса қўшади, деб ўйлаймиз.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати