• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТУРКИЯ ТАҲЛИЛ МАРКАЗЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

“Тараққиёт стратегияси” марказида Туркиянинг Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SETA) ҳамда Юнус Эмре Турк маданият маркази вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Э.Туляков, марказ масъуллари ҳамда Туркиянинг Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси вакили, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети профессори Эрман Акилли, Тошкентдаги Юнус Эмре Турк маданият маркази координатори Аҳмат Ўзкан иштирок этди.

Учрашувда туркиялик экспертларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳамда стратегия доирасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг халқимиз ҳаётидаги амалий натижалари, шунингдек, сўнгги йилларда халқаро муносабатлардаги Ўзбекистоннинг фаол ва прагматик ташқи сиёсати, илгари сурилаётган глобал таклиф ва ташаббуслари ҳақида маълумот берилди.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, фуқаролик жамияти институти сифатида давлат ва халқ ўртасида мулоқот ўрнатишдаги саъй-ҳаракатлари ҳамда уларнинг ҳаётимиздаги самаралари хусусида сўзлаб берилди.

Мулоқот давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ҳисобланадиган SETA жамғармаси билан 2024 йилда имзоланган Англашув меморандуми асосидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, жумладан, қўшма дастурлар, лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Келгусида амалий ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати