• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОНДА ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТНИ ҚИСҚАРТИРИШГА КОМПЛЕКС ЁНДАШУВЛАР
3538 | 12 Ноя. 2025 й.

Жамшид ШАРИПОВ, “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи

Рамзидин НУРИДИНОВ, “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси

 

Яширин иқтисодиёт шунчаки ҳисобга олинмаган фаоллик захираси эмас, балки фискал интизом, ижтимоий адолат ва институционал самарадорликка путур етказувчи барқарор ривожланиш йўлидаги тизимли тўсиқдир.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида кузатилмайдиган иқтисодиётнинг улуши 34,8 фоизни[1] (505,6 триллион сўм) ташкил этди. Юқори даражаси сақланиб қолишига қарамай, 2019 йилдаги 45-50% га нисбатан пасайишнинг барқарор тенденцияси кузатилмоқда. Ушбу қарийб 15 фоиз пунктга қисқариш мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижаси бўлди[2].

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, яширин иқтисодиёт улушини камайтиришнинг асосий омиллари қуйидагилар бўлган:

  • солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш – солиқлар сони 13 тадан 9 тагача қисқартирилди, бу эса бизнес учун шарт-шароитларнинг шаффофлиги ва башоратлилигини оширди;
  • бюрократик тўсиқларни бартараф этиш – 100 дан ортиқ турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, бу эса расмий иқтисодиётга киришни осонлаштирди;
  • ўзини ўзи банд қилишни қўллаб-қувватлаш – Президентнинг 2020 йил 8 июндаги қарори билан ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолият турлари рўйхати 104 тагача кенгайтирилди, бу эса миллионлаб фуқароларга даромадларини легаллаштириш имконини берди[3];
  • рақамли воситаларни ривожлантириш – чекларни рўйхатдан ўтказиш ва харид суммасининг 1 фоизини қайтариш учун Soliq мобил иловасининг жорий этилиши нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантирди ва товар айланмасининг шаффофлигини оширди;
  • манзилли солиқ имтиёзлари – 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари учун ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланди, бу солиқ юкини камайтирди, тадбиркорларнинг даромадларини легаллаштиришдан манфаатдорлигини оширди ва яширин секторни қисқартиришга ёрдам берди.

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ўсишига кўмаклашувчи асосий омиллар

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертларининг фикрича, изчил ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистонда бизнесни легаллаштириш жараёнини секинлаштирадиган, иқтисодиётнинг шаффофлигини пасайтирадиган ва давлат чора-тадбирлари самарадорлигини чеклайдиган бир қатор тизимли омиллар сақланиб қолмоқда. Уларнинг асосийларига қуйидагилар киради:

  1. Коррупция ва солиқ маъмуриятчилигининг паст самарадорлиги. Солиқ органларидаги коррупция кўринишлари тадбиркорларнинг ишончига путур етказади ва уларнинг “сояга” ўтиб кетишини рағбатлантиради. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланган фактлар муаммонинг тизимли хусусиятини тасдиқлайди: фақат сўнгги икки йил ичида солиқ инспекторлари томонидан текширувлардан “иммунитет” ва солиқларни ноқонуний камайтиришни таклиф қилган кўплаб товламачилик ва пора олиш ҳолатлари аниқланди.

Бундан ташқари, 2023 йил 2 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент Ш.Мирзиёев солиқ идоралари кўпинча тадбиркорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ўрнига уларнинг айланма маблағларини олиб қўйиш орқали эскича схемалар асосида иш олиб бораётганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда ортиқча тўланган солиқлар ҳажми 320 миллиард сўмдан 4,4 триллион сўмга ошган, бу эса бизнесга молиявий босимни кучайтирган ва уни “норасмийлаштиришга” туртки берган[4].

  1. Юқори солиқ юки ва маъмурий тўсиқлар. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва юритишдаги мураккаб бюрократик тартиб-қоидалар, шунингдек, юқори солиқ ставкалари солиқ тўлашдан бўйин товлашга сабаб бўлмоқда. Жаҳон банки сўровига кўра, Ўзбекистон корхоналари асосий тўсиқлар қаторида юқори солиқлар, норасмий секторнинг мавжудлиги, энергия таъминотидаги узилишлар ва кредит олишдаги қийинчиликларни қайд этишмоқда.

Ушбу омилларнинг йиғиндиси инвестиция муҳитига сезиларли таъсир кўрсатади, корхоналарнинг рақобатбардошлигини пасайтиради, уларнинг барқарор ўсиш имкониятларини чеклайди ва иқтисодиётнинг яширин секторини ривожлантиришга хизмат қилади[5].

Бизнес юритиш учун асосий тўсиқлар
(респондентлар фоизи)

Манба: Жаҳон банки, Ўзбекистон корхоналарини ўрганиш

  1. Меҳнат бозорида норасмий бандлик. Норасмий бандлик иқтисодиётнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Давлат раҳбари 2024 йил 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 27 мингта қурилиш корхонасидан 10 мингдан ортиғи (41 фоизи) ҳисоботларида фақат битта расмий ходимни кўрсатаётганини таъкидлаган эди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 2249 та, Тошкент вилоятида 1087 та, Самарқанд вилоятида 837 та шундай корхона бор, ваҳоланки, ўтган йили уларнинг жами қурилиш ишлари ҳажми 4 триллион сўмдан ошган.

Шунга ўхшаш ҳолат қишлоқ хўжалигида ҳам кузатилмоқда – 25 гектардан ер участкаларига эга бўлган 5 мингга яқин фермер хўжаликлари штатида атиги бир нафардан ходим қайд этилган. Президентнинг сўзларига кўра, норасмий секторда 5 миллионга яқин киши меҳнат қилмоқда, иш берувчилар эса уларга иш ҳақи тўлаб, амалда солиқ тўлашдан бўйин товламоқда, бу эса иқтисодиётдаги номутаносибликни кучайтирмоқда[6].

  1. Нақд ҳисоб-китобларнинг устунлиги. Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар инфратузилмаси ривожлантирилгани ва рағбатлантирувчи чоралар жорий этилганига қарамай, аҳолининг катта қисми ҳамон нақд пулдан фойдаланишга мажбур. Ўзбекистон Марказий банкининг тадқиқотларига кўра, нақд пулдаги ўзаро ҳисоб-китобларни сақлаб қолишнинг асосий сабаблари қуйидагилардир: деҳқон бозорларида харид қилиш зарурати (56%), қулайлик ва харажатларни назорат қилиш (17%), нақд пул билан тўлашда чегирмалар олиш (13%), сотувчиларнинг талаби (7%) ва тўлов (POS) терминаллари ишидаги техник носозликлар (7%). Нақд харажатлар таркиби таҳлили шуни кўрсатадики, харидларнинг қарийб 47 фоизи 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача бўлган суммада нақд пулда амалга оширилади, 35 фоизи эса 100 минг сўмгача бўлган суммада[7].

Натижада 2024 йилда нақд пул маблағларининг банк айланмаси ҳажми 101,1 трлн сўмга етди ва 2023 йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 22 фоизга ошди, бу эса нақд пул ҳисоб-китобларининг мамлакат молия тизимидаги муҳим ўрни сақланиб қолаётганлигини кўрсатади[8].

Бунда, Жаҳон банкининг таъкидлашича, товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларда нақд пул маблағларидан касса чекларини бермасдан фойдаланиш солиқ тўлашдан бўйин товлаш хавфини сезиларли даражада оширади ва иқтисодиётда яширин айланманинг кенгайишига ёрдам беради[9].

  1. Молиявий саводхонлик ва молиявий институтларга ишонч даражасининг пастлиги. Жаҳон банки (Global Findex Database, 2025) маълумотларига кўра, дунё бўйича ўрта ҳисобдан 79% катта ёшли инсонлар банк ҳисобварақларига эга, ўзбекистонликлар ўртасида эса бу кўрсаткич атиги 60%ни ташкил этади. Бунда Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари Нигерия (63%), Танзания (60%) ва Камерун (61%) каби мамлакатлар даражасида. Ваҳоланки, бу кўрсаткич қўшни Қозоғистонда 87 фоизга, Қирғизистонда 72 фоизга етади. Бир қатор Европа мамлакатларида, жумладан, Нидерландия, Дания, Австрия, Исландия, Ирландия ва Францияда деярли тўлиқ қамровга эришилган, яъни кўрсаткич 99-100% ни ташкил этади[10].

Банк ҳисобварағи тушунчаси банкларда расмий очилган ва рўйхатдан ўтказилган ҳисобварақларнинг барча шаклларини, шу жумладан нақд пулсиз операциялар амалга ошириладиган пластик карталарни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Марказий банки ОТБ билан ҳамкорликда ўтказган бошқа тадқиқотга кўра, банк ҳисобварақлари эгаларининг атиги 7 фоизи улардан жамғармалар учун фойдаланади, 47 фоизи эса молиявий иловаларни пароллар билан ҳимоя қилмайди, жанубий ҳудудларда эса кўпчилик ҳатто банк картаси йўқолган тақдирда қандай ҳаракат қилишни билмайди[11]. Билим ва рақамли кўникмаларнинг паст даражаси, айниқса қишлоқ жойларда, нақд пулсиз воситалар ва расмий молиявий хизматлардан фойдаланишни чеклайди.

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт кўламини камайтириш бўйича тавсиялар

Яширин иқтисодиёт кўламини камайтириш институционал, солиқ-молиявий, рақамли ва таълим чораларини бирлаштирган ҳолда комплекс ёндашувни талаб қилади, шу муносабат билан “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан қуйидагилар таклиф этилади:

Биринчидан, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни қабул қилиш ва амалга оширишни жадаллаштириш, чунки ушбу масала Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг 2025 йилдаги маслаҳатлашувлар якунлари бўйича якуний баёнотида алоҳида таъкидланган[12]. Муаммонинг халқаро миқёсда тилга олиниши унинг нафақат ички ривожланиш, балки Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳам стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди. Стратегия доирасида комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш, солиқ-бюджет сиёсати самарадорлигини ошириш ва барқарор ўсиш учун шароит яратади.

Иккинчидан, Полша амалиётидаги каби контактсиз тўловлар (Tap то Pay) технологиясини дастакловчи миллий мобил иловани жорий этиш имкониятини кўриб чиқиш тавсия этилади.

Бундай тизим тадбиркорларга барча турдаги нақд пулсиз тўловларни – банк карталари ва рақамли ҳамёнларни POS-терминаллардан фойдаланмасдан, фақат NFC модулли смартфон орқали қабул қилиш имконини беради. Бу, айниқса, бозорлар ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кичик бизнес харажатларини камайтиради.

Полшада ҳар қандай даражадаги тадбиркорлар eService tom иловаси орқали мобил телефонда Tap to Pay ёрдамида контактсиз тўловларни хавфсиз ва қулай қабул қилишлари мумкин. Функция кредит ва дебет карталари, Apple Pay ва бошқа рақамли ҳамёнларни дастаклайди, тўлов эса NFC орқали амалга оширилади – унинг учун мижоз пластик картани сотувчининг телефонига яқинлаштиришининг ўзи кифоя. Зарур ҳолларда Tap то Pay PIN коддан фойдаланиш имконини ҳам беради. Ушбу технология сотувчиларга ҳар қандай, айниқса мобил (ҳаракатдаги) бизнесни – такси ҳайдовчилари, ресторанлар, ҳунармандлар ва бошқа тадбиркорларга – самаралироқ  бошқаришга ёрдам беради[13].

Бундан ташқари, ҳисоб-китоблар электрон чекларни автоматик шакллантириш билан QR-кодлар орқали амалга ошириладиган WeChat Pay рақамли экотизимини жорий этиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Бундай модель тўловларнинг шаффофлиги, қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлайди, шунингдек, нақд пулсиз иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳолининг молиявий инклюзиясини тезлаштиради.

Хитойда WeChat Pay хизмати орқали дўконлардаги харидлар ва ресторан ҳисобларидан тортиб, коммунал тўловлар, тиббий хизматлар ва саёҳатларни бронь қилишгача бўлган товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мумкин. Кўпгина фойдаланувчилар катта миқдордаги маблағларни рақамли ҳамёнларида сақлайдилар ва QR-кодларни сканерлашдан асосий тўлов усули сифатида фойдаланадилар[14].

Учинчидан, фермерлар, улгуржи бозорлар ва товар биржаларини бирлаштирган Ҳиндистон тажрибасидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун ягона электрон платформа яратишни кўриб чиқиш лозим. Бу шаффоф ва рақобатли нарх-наво шаклланишини, ишлаб чиқарувчиларнинг мажбурий рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди ва яширин схемалар хавфини камайтиради. Электрон савдо фермерларга маҳсулотни тўғридан-тўғри, воситачиларсиз сотиш, даромадларни ошириш ва норасмий амалиётларни камайтириш имконини беради.

Ҳиндистонда 2016 йилда ишга туширилган электрон Миллий қишлоқ хўжалиги бозори (e-NAM) 1 522 та бозор (мандис), 267 719 та трейдер ва 17,9 миллион фермерни бирлаштирди. Тизим онлайн савдолар ва битимларнинг шаффофлигини таъминлайди. Масалан, Mahakaushal Progressive Farmers (Мадхья-Прадеш) компанияси воситачиларни чиқариб ташлаш орқали фермерлар даромадини ҳар центнер учун 1-2 долларга, Girimala Farmers Producer Company (Гужарат) эса 2,7 долларга оширди[15].

Тўртинчидан, молиявий саводхонликни мактаб дастурларига сингдириш мақсадга мувофиқдир. Шахсий молияни ўйин ва интерфаол усуллар (геймификация) ёрдамида ўргатиш ёшликдан бюджетни бошқариш кўникмаларини шакллантириш имконини беради.

Шунингдек, айниқса банк хизматларидан фойдаланиш даражаси паст бўлган қишлоқ жойларда катталар учун молиявий саводхонликни ўргатиш бўйича тажриба-синов дастурларини жорий этиш имкониятларини ўрганиш.

АҚШда штатларнинг ярмидан кўпи мажбурий молиявий саводхонлик курсларини жорий этган. 16 та штатда бу курс диплом олишнинг мажбурий шарти ҳисобланади, 11 та штатда эса у иқтисодиёт дастурларига интеграциялашган[16]. NEFE ва AmeriSpeak (2022) сўровларига кўра, катталарнинг 88 фоизи мажбурий молиявий таълимни қўллаб-қувватлайди ва 80 фоизи уни ўзлари ўташни хоҳлайди. Дастур мазмунига келсак, катталар шахсий молиянинг энг муҳим мавзулари сифатида қуйидагиларни кўрсатдилар: харажатлар ва бюджетни тузиш – 75%, кредитларни бошқариш – 55%, жамғармалар – 49% ва даромад олиш – 47%[17].

Бешинчидан, Австрия мисолида солиқ маъмуриятчилигида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш тавсия этилади. Сунъий интеллект ва машинали ўрганишни қўллаш катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, қоидабузарликларни аниқлаш ва реал вақт режимида хавфларни баҳолаш имконини беради.

Австрияда Молия вазирлиги ҳузуридаги Башоратли таҳлил компетенцияси маркази (PACC) 34 миллион ишни таҳлил қилиш учун сунъий интеллектдан фойдаланган, бу эса 375 мингта эҳтимолий қоидабузарликни аниқлаш ва 2023 йилда қўшимча 185 миллион евро солиқ тушумларини жалб қилиш имконини берган[18].

Ўзбекистонда шунга ўхшаш технологияларни жорий этиш шаффофликни ошириш, солиқ органларининг таҳлилий функциясини кучайтириш ва яширин схемалар ривожланишининг олдини олиш имконини беради.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилигида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва таҳлилий тизимлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий кафолатларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Олтинчидан, солиқ маъмуриятчилиги шаффофлигини ошириш мақсадида солиқ органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларини кузатишнинг электрон механизмини, шу жумладан барча корхоналарга бажарилган ташрифларни рақамли шаклда қайд этишнинг электрон механизмини жорий этиш тавсия этилади. Бу бизнесга ўзбошимчалик билан босим ўтказишни истисно қилиб тадбиркорларнинг ишончини ошириш имконини беради.

Таклиф этилган чора-тадбирларнинг комплекс қўлланилиши Ўзбекистонга рақамлаштириш, шаффофлик ва ишончга асосланган иқтисодий бошқарувнинг янги моделига ўтиш имконини беради. Нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтиш, молиявий инклюзияни кенгайтириш ва солиқ соҳасида интеллектуал технологиялардан фойдаланиш яширин иқтисодиёт улушини барқарор пасайтириш ва умуман миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шароит яратади.

 

[1] https://stat.uz

[2] https://president.uz/ru/lists/view/8376

[3] https://lex.uz/docs/4849605

[4] https://t.me/Press_Secretary_Uz/3263

[6] https://www.gazeta.uz/ru/2024/01/16/shadow-economy/

[8] https://cbu.uz/upload/iblock/a52/92o5pmh1cjordv18gupuuf0etcrk00er/03_SHarkh_nakd-pul-2024-g.-rus2.pdf

[9] https://openknowledge.worldbank.org/entities/publication/ac342894-d147-5e69-bc7a-3193c55a8957?utm_source=chatgpt.com


2
Похожие новости