• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БЕРЛИН ШАҲРИДА ХАЛҚАРО ЁШЛАР ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Германиянинг “Ғарб-Шарқ учрашуви” жамғармаси ташаббуси билан Берлин шаҳрида “Келажак алмашинувда – Ёшлар ва мулоқот форуми” бўлиб ўтди. Ушбу форумда асосий эътибор Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг фуқаролик жамияти ёш вакиллари ўртасида ҳамкорлик, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига қаратилди.

Халқаро форумда мамлакатимизнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакили иштирок этди.  Тадбир доирасида ёшлар ҳамкорлигини фаоллаштириш, халқаро медиа лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ёшлар интеграцияси жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мавзуларида муҳокамалар ташкил этилди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси Фотиҳжон Қодиров қатнашган “Шарқ–Ғарб” форматидаги экспертлар муҳокамасида давлатлар ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашда ёшлар ўртасида доимий халқаро мулоқотни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбир давомида ёшлар билан ишлашга оид янги лойиҳалар, воситалар ва замонавий ёндашувлар тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан ёшлар ривожининг истиқболли йўналишлари ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Умуман олганда, форум ёшлар масалалари бўйича билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, ёшлар ҳамкорлигининг келгуси ривожланиш истиқболларини белгилаш учун самарали платформага айланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати