• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПОКИСТОННИНГ МИНТАҚАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифи доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари билан учрашувлари ташкил этилди. Жумладан, Элдор Туляков Покистоннинг Минтақавий тадқиқотлар институти (Institute of Regional Studies, IRS) президенти Жовхар Салим билан учрашди.

Мулоқот чоғида Жанубий ва Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий жараёнлар, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва интеграция масалалари бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, томонлар минтақавий тадқиқотлар, халқаро муносабатлар ва стратегик таҳлил соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, илмий-тадқиқот бўйича тажриба алмашиш, таҳлилий материаллар тайёрлаш ва экспертлар ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасидаги устувор вазифалар, ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлар, шу жумладан, икки давлат ўртасидаги  ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. IRS раҳбарияти институтнинг минтақавий тадқиқотлар соҳасидаги илмий салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик тажрибаси билан таништирди.

Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий-таҳлилий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати