• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБEКИСТОН – 2030” СТРАТEГИЯСИНИНГ ХАВФСИЗЛИК ВА ТАШҚИ СИЁСАТ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА МАТБУОТ АНЖУМАНИ

“Тараққиёт стратегияси” марказида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” йўналиши бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Экспертлар, ОАВ вакиллари ва журналистлар қатнашган тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари қатнашди.

Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, фаол ва прагматик ташқи сиёсат ва мудофаа салоҳиятини таъминлашдаги аҳамияти юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Анжуман давомида Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси, матбуот котиби Ахрор Бурханов янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш, очиқ, пагматик ва конструктив ташқи сиёсатни амалга оширишга  қаратилган вазифалар ҳақида сўз юритди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешинчи йўналиши 90 - мақсади – “Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш”ни назарда тутади. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир мақсади бўйича алоҳида индикаторлар, мақсадли кўрсаткичлар, рақам, фоиз ва бошқа кўрсатгичларда белгиланмоқда. Хусусан, такомиллашаётган Стратегиянинг 90-мақсади доирасида консуллик хизматларидан фойдаланувчилар сонини кесуикн ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, 91-мақсад доирасида эса Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш белгиланаётганини таъкидлади.

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Шукуров миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш йўналишида ҳам аниқ мақсадли кўрсаткичлар ва самарадорлик индикаторлари билан такомиллаштирилаётганига эътибор қаратди.

Келгуси беш йилликда ватандошлар иштирокида тиббиёт, таълим ва илм-фан соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳалар сони амалдаги 100 та эмас, балки 150 тага етказиш, ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини эса 150,000 тага етказиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, таълим хорижий тилларда олиб бориладиган давлат таълим муассасалари кутубхоналарида ўзбек адабиёти таржима асарлари қамровини 60 мингтага етказиш, хориждаги ватандошларнинг фарзандларига ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари сонини 62 тага ҳамда биродарлашган шаҳарлар сонини 120 тага етказиш режалаштирилаётганини қайд этди.

Тадбирда сўз олган Мудофаа вазирлигининг Бош бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Халилов такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида мудофаа ва хавфсизликни таъминлашга оид мақсадларда белгиланаётган самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб берди.

Якунда журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати