• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ХОРИЖИЙ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ВА ХАЛҚАРО ТАДҚИҚОТЧИЛАР ИШТИРОКИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази, Tashkent International University ҳамда “Ватандошлар” халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилаётган лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирни Tashkent International University ректори Искандар Йўлдошев очиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат эканини алоҳида таъкидлади. Стратегик режалаштириш жараёнида илмий таҳлил, шаффофлик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш ислоҳотларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этди.

Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков атрофлича маъруза билан қатнашиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси бўйича олиб борилаётган жамоатчилик муҳокамаларининг аҳамияти, лойиҳани такомиллаштириш жараёнида киритилаётган концептуал ўзгаришлар ва асосий янгиликлар хусусида батафсил маълумот берди. Жамоатчилик, мутахассислар ва фуқаролар томонидан билдирилаётган таклифлар таҳлили асосида стратегия лойиҳасида шакллантирилаётган устувор йўналишлар ҳамда мақсадли кўрсаткичларни ўз тақдимоти орқали чуқур таҳлил қилиб берди.

Маърузада ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, инсон капитали салоҳиятини ошириш, институционал ислоҳотларни чуқурлаштириш, самарали давлат бошқарувини йўлга қўйиш ҳамда барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган янгиланган ёндашувлар стратегиянинг асосий мазмунини ташкил этиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси масъуллари, шунингдек, видеоконференцалоқа орқали Япония, Германия, Жанубий Корея, АҚШ, Саудия Арабистони ҳамда Қозоғистондаги нуфузли олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар стратегиянинг асосий йўналишлари бўйича белгиланган мақсад ва вазифалар, шунингдек, натижадорлик ва самарадорлик кўрсаткичларини янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклиф ва тавсияларини илгари сурдилар.

Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳаётийлиги, амалий қиймати ва ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ҳужжатни замон талаблари ва халқаро тажриба асосида янада бойитиш зарурлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида жамоатчилик муҳокамаси доирасида билдирилган таклиф ва хулосалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилаётган лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг якуний таҳририни шакллантириш жараёнида инобатга олиниши маълум қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати