• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА МАҲАЛЛА РИВОЖИ МАСАЛАСИ ИСЛОҲОТЛАР ДАСТУРЛАРИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИДА

“Тараққиёт стратегияси” марказида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили доирасида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган Давлат дастури лойиҳасининг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналиши бўйича жамоатчилик муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъуллари, шунингдек сиёсий партиялар фаоллари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатини “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов очиб, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида белгиланган ислоҳотлар дастурларида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини халқ хизматига йўналтиришга қаратилган вазифалар мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев ўз чиқишида келгуси йилда белгиланиши кутилаётган вазифаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва давлат бошқарувини халқ манфаатларига хизмат қилувчи тизим сифатида ташкил этиш устувор йўналиш эканини қайд этди. Шунингдек, ҳар бир ислоҳотнинг амалий натижаси маҳаллалар даражасида сезилиши жамият тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканига эътибор қаратилди.

Муҳокамаларда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар устувор вазифа сифатида белгилангани таъкидланди. Хусусан, “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали ҳар бир маҳаллада ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш режалаштирилган.

Ушбу ташаббус доирасида республика бўйлаб 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллаларда қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратиш ҳамда аҳоли бандлиги, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш мақсадида камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, аҳолининг давлат органлари билан мулоқотини янада осонлаштириш мақсадида “OASIS” рақамли платформасини ишга тушириш, “Жамиятдаги фаолликни рағбатлантириш” лойиҳаси орқали фуқароларнинг маҳалла ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат бошқарувини рақамлаштириш йўналишида ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатиладиган хизматлар ва электрон сервислар сонини 880 тага етказиш, шунингдек давлат хизматининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни мақсадли тайёрлаш тизимини жорий этиш орқали гендер тенгликни таъминлаш вазифалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, “Рақамли маҳалла” электрон платформаси доирасида “Маҳалла еттилиги” орқали маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган энг долзарб тизимли муаммоларни қамраб олувчи ягона электрон реестрни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Давра суҳбати давомида Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъуллари ислоҳотлар дастурлари ва Давлат дастури лойиҳаларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, партия фаоллари ва депутатлар ўз фикр-мулоҳаза ва таклифлари билан муҳокамада фаол иштирок этдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати