• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: ташқи сиёсатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
7537 | 30 Мар. 2026 й.

Тўлқин Турсунов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи

 

Очиқ, прагматик, чуқур ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсат натижасида Янги Ўзбекистон тинчлик ва дипломатиянинг глобал марказларидан бири сифатида ўз мавқейини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Хусусан, 2025 йил давомида 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, яқин тарихда биринчи марта қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди. “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар самарали тус олди.

Кейинги йилларда 11 давлат билан стратегик шериклик ўрнатилиб, уларнинг сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди[1].

Унинг географиясини янада кенгайтириш ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлди. МДҲ, Европа ва Осиёдаги анъанавий шериклар билан бир қаторда Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Америка мамлакатлари билан алоқалар фаоллашди. 2017 йилдан буён хорижда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилди, уларнинг умумий сони 60 тага, дипломатик муносабатлар ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланишича, “сўнгги пайтларда мамлакатимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда. Хусусан, бу йил Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва Халқаро иқлим форумига мезбонлик қилди” [2].

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжатдир. Унда ислоҳотларнинг умумий мантиғи, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор мақсадлари ва амалий механизмлари жамланган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Шу билан бирга, ижтимоий ҳаёт ва глобал жараёнлар доимий динамикага эга. Янги иқтисодий шароитлар, халқаро майдондаги технологик ўзгаришлар ва трансформациялар давлат сиёсати олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида қайд этилган вазифаларни амалга ошириш доирасида янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси[3] қабул қилинди, унда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари янгиланди. Ушбу ҳужжатда халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил амалга ошириш мақсадида қуйидаги янги вазифа ва чақириқлар, муҳим глобал ўзгаришлар назарда тутилган. Хусусан, Стратегияда Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага, соддалаштирилган тартибда эса 60 тага етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, хориждаги меҳнат мигрантлари улушида расмий ва манзилли меҳнат миграцияси улушининг 15 фоиздан кўпроққа ошиши.

Янги Ўзбекистоннинг дипломатик стратегияси мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестициялар, хорижий сайёҳларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун қулай ташқи шароитларни шакллантириш, шунингдек, гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Очиқлик, тенг ҳуқуқли шериклик, ўзаро ҳурмат, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилиш тамойиллари доимо ташқи сиёсий йўлнинг асосини ташкил этган.

Инсон ҳуқуқларини дипломатик ва консуллик ҳимояси замонавий дунёда муҳим ва долзарб мавзу ҳисобланади. У дипломатик, консуллик ва юридик механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро миқёсда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган. Халқаро муносабатлар ва давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги бутун дунёда инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилинишига бевосита таъсир кўрсатади. Чегаралардан ташқарида инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашиш бошқа мамлакатларда адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади.

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишидаги иштироки ҳам муҳим воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бош халқаро минбардаги нутқи мамлакатимизнинг кўп томонламалик, тинч мулоқот ва долзарб глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

2025 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мамлакатнинг барқарор ривожланиш, минтақавий хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги устувор йўналишларини акс эттирувчи тўртта резолюция қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТнинг қатор нуфузли органларига сайлангани халқаро ҳамжамиятнинг унга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолатдир.

Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи ЕИ билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини кўрсатди. Ҳужжат сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди, шунингдек, европалик ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга берилган юқори баҳонинг ифодаси бўлди.

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка изчил имплементатсия қилиш ва давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда уларни жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётида кенг татбиқ этиш марказий ўрин эгалламоқда.

2023 йил апрель ойида илк бор умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси тасдиқланди, унда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш асосий тамойил этиб белгиланди[4]. Янги Конституцияда Ўзбекистоннинг суверен, ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат сифатидаги устувор йўналишлари белгилаб берилди. Инсон ҳуқуқларига оид конституциявий нормалар сони 3 баробардан зиёд кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этмоқда. Конституцияда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги принципларига содиқлик ўз тасдиғини топган. Ўзбекистоннинг янги Конституциясида Миранда қоидалари, Хабеас корпус, Pro bone, яъни бепул юридик ёрдам каби бутун дунёда тан олинган ҳуқуқшунослик институтлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Халқаро органларнинг тавсияларига кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ваколатларини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилинди. “Омбудсман плюс” модели асосида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм яратилди. Шунингдек, Болалар омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Бизнес-омбудсман ҳам жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг ўтказиш ваколатига эга.

Ўтган қисқа даврда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тузилмалари билан ҳамкорликда сезиларли ютуқларга эришилди. Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатидаги фаол ҳаракати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачилар билан яқин ҳамкорлиги бунга яққол мисолдир. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Ёшлар ва болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қатор резолюциялари қабул қилинди, халқаро ҳамкорлар билан биргаликда қатор халқаро форумлар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Глобал форум ўтказилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чет элда ҳимоя қилишнинг эътироф этилган шаклларидан бири дипломатик ва консуллик ҳимоясидир. Давлат фуқароларининг чет элда дипломатик ёки консуллик ҳимояси ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳуқуқ унинг суверенитетидан келиб чиқади. Давлат томонидан дипломатик ҳимояни амалга ошириш халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ унинг ташқи алоқалар дипломатик органлари (ТИВ) орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-моддаси ўз фуқароларига чет элда ҳимояланиш ва ҳомийлик қилишни кафолатлайди. Ушбу моддада назарда тутилган кафолатлар давлатнинг ўз фуқароларига уларнинг ҳуқуқлари чет элда бузилган тақдирда кўмаклашиш ва ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини ўз ичига олади. Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлишларидан қатъи назар, ўз давлати томонидан консуллик ва дипломатик ҳимояланиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундан ташқари, давлат халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

2025 йил давомида консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида:

162 376 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди;

15 215 нафар юртдошларимизга хорижда ишга жойлашишда кўмаклашилди;

Қийин моддий аҳволга тушиб қолган 4 085 нафар фуқарога жами 746 500 АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатилди;

хорижий давлатларнинг вақтинча сақлаш муассасаларида бўлган 2 минг нафар фуқаро озод қилинди;

оғир турмуш шароитига тушиб қолган, жумладан, вояга етмаган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, одам савдосидан жабрланган 250 нафар фуқаро Ватанга қайтарилди.

Бундан ташқари, йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 154 181 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксарияти белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва амалий ечимини топди. Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг очиқлик, қулайлик ва энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилларига асосланган консуллик сиёсати изчил амалга оширилаётганини яққол кўрсатади.

2025 йил якунлари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий йўли ҳақиқатан ҳам “натижа дипломатияси”га айланганидан далолат беради. Амалий ютуқларга устуворлик бериш мамлакатга янги йилга катта умидлар ва аниқ ҳаракатлар режаси билан кириш имконини берди.

2026 йил расман белгиланган KPI, институционал ислоҳотлар ва ташқи сиёсатнинг иқтисодиётдаги ва фуқароларни ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш орқали дипломатия механизмларини тизимли равишда созлашга бағишланади.

Шундай қилиб, ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон ташқи сиёсати юксак даражадаги етуклик, изчиллик ва натижадорликни намоён этди. Бу даврда мамлакатнинг ташқи сиёсати нафақат фаоллик ва изчиллик, балки аниқ сиёсий натижалар, кенг халқаро эътироф ва глобал ишонч билан намоён бўлди. Мамлакат нафақат халқаро майдонда ўз мавқейини мустаҳкамлади, балки ички ривожланишга кўмаклашиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилаш учун дипломатик воситалардан ҳам фойдаланди.

 

 

[1] Қаранг: Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш вазифалари белгилаб олинди  // https://president.uz/uz/lists/view/88611

[2] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси // https:// https://president.uz/uz/lists/view/8834

[3] Президентнинг 16.02.2026 йилдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-21-сон Фармони. // https://lex.uz/ru/docs/8050769

[4] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Расмий нашр. /Ўзбек ва рус тилларида.  – Т.: “Адолат”, 2023.


6
Похожие новости