• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН, ПОЛЬША ВА ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ЎРТАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ

Польша Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Шарқ тадқиқотлари марказида “Европа Иттифоқи, Ўзбекистон ва Польша – ҳамкорликни кучайтиришнинг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Польша Ташқи ишлар вазирлиги, Инфратузилмалар вазирлиги, Миллий хавфсизлик бюроси, шунингдек, қатор таҳлил марказлари ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этди.

Панел муҳокамаларида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков ҳамда Шарқ тадқиқотлари марказининг Туркия, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича департаменти раҳбари К.Василевски маърузалар билан қатнашди.

Муҳокамалар давомида Европа Иттифоқи ва Польшанинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигини ривожлантиришда инфратузилма лойиҳаларининг аҳамияти, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, поляк экспертлари халқаро геосиёсий вазиятнинг ўзгариши шароитида Ўзбекистон томонидан минтақавий барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қизиқиш билдирди.

Учрашув доирасида Шарқ тадқиқотлари маркази вакиллари жорий йил кузида Польша экспертлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалари ҳақида маълумот бериб, ташриф доирасида давлат идоралари, экспертлик марказлари ва эркин иқтисодий ҳудудлар фаолияти билан яқиндан танишиш истагини билдирди.

Томонлар Ўзбекистон ва Польша экспертлик ҳамжамиятлари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда таҳлилий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати