• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
“Очиқ мулоқот” феномени: 5 йилда тадбиркорлар овози давлат сиёсатига қандай таъсир қилди?
4486 | 05 Июнь 2026 й.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат ва бизнес муносабатларида мутлақо янги сиёсий-иқтисодий формат шаклланди. Президентнинг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқот”лари шунчаки расмий йиғилиш эмас, балки бизнес муҳитидаги муаммоларни тўғридан-тўғри эшитиш, тезкор қарор қабул қилиш ва иқтисодий ислоҳотларни “жойлардаги эҳтиёж” асосида шакллантириш механизмига айланди.

Сўнгги беш йил тажрибаси шуни кўрсатдики, мазкур мулоқотлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг оддий платформаси эмас, балки Янги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг муҳим институционал механизмига айланди.

2021 йилда ўтказилган илк очиқ мулоқот пандемиядан кейинги оғир иқтисодий шароитда ташкил этилди. Ўша даврда тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани бизнесда йиғилиб қолган тизимли муаммолар қанчалик катта эканини кўрсатган эди.

Энг муҳими, давлат раҳбари биринчи марта тадбиркорларни “иқтисодиёт локомотиви” сифатида баҳолаб, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш амалиётини жорий қилди. Бу эса давлат идоралари ва бизнес ўртасидаги муносабатни тубдан ўзгартирди. Илгари тадбиркор асосан назорат объекти сифатида кўрилган бўлса, эндиликда у иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди.

2021 йилги мулоқотда кредит муддатлари, юқори фоизлар, валюта хавфлари, ортиқча текширувлар ва лицензиялаш тизими каби долзарб масалалар кўтарилди. Натижада банк капиталини ошириш, хусусий банкларга кенг имконият бериш ва халқаро молия ресурсларини жалб қилиш бўйича янги механизмлар ишлаб чиқилди.

2022 йилга келиб очиқ мулоқотлар аллақачон иқтисодий сиёсатни белгилайдиган муҳим майдонга айланди. Бу йилги учрашувда бизнесни микро, кичик ва ўрта тоифаларга ажратиш тизими жорий қилинди. Бу қарор иқтисодиётни “бир хил ёндашув” асосида бошқаришдан воз кечиб, тадбиркорларнинг имконияти ва эҳтиёжига қараб ишлаш тизимига ўтишнинг бошланиши бўлди.

Айниқса, микро бизнес учун ягона 4 фоизли айланма солиғи жорий этилиши, ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилиши ва 2 триллион сўмлик солиқ қарзларининг бекор қилиниши тадбиркорлар учун катта енгиллик бўлди.

Бу ўзгаришлар рақамларда ҳам яққол намоён бўлди. 2022 йилда экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етди, умумий экспорт ҳажми эса 30 фоизга ошди. Бу эса бизнесга берилган эркинлик ва молиявий енгилликлар иқтисодий фаолликни кучайтирганини кўрсатади.

2023 йилги очиқ мулоқот эса тадбиркорлик сиёсатида янги босқични бошлаб берди. Президент нутқида илк бор “Янги Ўзбекистонда янги тадбиркорлар синфи шаклланди” деган сиёсий баҳо берилди.

Бу даврда давлат ва бизнес муносабатларида ишонч муҳити сезиларли даражада кучайди. Хусусан, текширувлар сони 40 фоизга қисқарди, камерал жарималар бекор қилинди ва ҚҚСни қайтариш механизми анча тезлаштирилди.

Энг муҳими, 2021 ва 2022 йилларда илгари сурилган ташаббуслар реал иқтисодий натижа бера бошлади. Хусусан, икки йил ичида корхоналар томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2024 йилга келиб очиқ мулоқотлар нафақат бизнес муаммоларини ҳал қилиш, балки иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи стратегик механизмга айланди. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлагани мамлакат иқтисодиётидаги ўзгаришларнинг муҳим белгиси бўлди.

2024 йилги мулоқотда яна бир муҳим тенденция кузатилди — давлат тадбиркорларни текшириш эмас, қўллаб-қувватлаш орқали солиқ тушумларини ошириш мумкинлигини тан олди. Президент “текширса — қўрқади, қўрқса — солиқ тўлайди” деган эски қараш ўзини оқламаганини очиқ таъкидлади.

Натижада “А” ва “Б” – яхши тоифага кирувчи корхоналар сони 91 мингга кўпайди, солиқ текширувлари эса икки баравар қисқарди.
Шу билан бирга, хусусий секторда 5 миллион сўмдан юқори маош оладиганлар сони 1 миллион нафардан ошди.

2025 йилги очиқ мулоқот эса рақамли иқтисодиёт ва “соя” иқтисодиётини қисқартиришга қаратилган янги босқични бошлаб берди. Президентнинг таъкидлашича, сўнгги саккиз йилда иқтисодиётга 230 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган бўлиб, шундан 120 миллиард доллардан ортиғи хорижий сармоядир. Бу 2025 йилда иқтисодиёт 7,7 фоизга ўсгани ҳам ислоҳотлар самарасини кўрсатди.

Энг диққатга сазовор жиҳат — очиқ мулоқотлар энди фақат муаммо эшитиш майдони эмас, балки рақамли давлат ва рақамли бизнес экотизимини шакллантириш платформасига айланмоқда. Масалан, 2030 йилгача якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилиши, электрон платформалар орқали хизмат кўрсатиш ва универсал QR-код тизимини ишга тушириш режалаштирилди.

Эътиборлиси, 2021 йилдан буён тадбиркорлар томонидан илгари сурилган қарийб 1 минг ташаббус қонун ва қарорларда ўз аксини топди. Бу эса очиқ мулоқотлар формал тадбир эмас, балки давлат қарорларини қабул қилишнинг амалий механизмига айланганини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги беш йилдаги очиқ мулоқотлар Ўзбекистонда давлат ва бизнес муносабатларини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Тадбиркор энди фақат солиқ тўловчи эмас, балки иқтисодий сиёсатни шакллантиришда иштирок этувчи муҳим субъектга айланмоқда.

Энг муҳими, мазкур мулоқотлар иқтисодиётни кабинетларда эмас, реал бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бошқариш мумкинлигини намоён қилди. Бу эса Янги Ўзбекистон иқтисодий моделида тадбиркор овози ҳал қилувчи аҳамият касб эта бошлаганини кўрсатади.

 


0
Похожие новости