• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Глобал хавфлар кучаймоқда. Ўзбекистон «қоидаларсиз дунё»га тайёрми?
2063 | 16 Июнь 2026 й.

Жамшид Шарипов
«Тараққиёт стратегияси» маркази

 

Беқарорлик одатий ҳолатга айланаётган дунё

Дунё тобора беқарорлашиб бормоқда — бу энди вақтинчалик инқироз эмас, балки янги меъёрдир. Иқтисодиёт тобора алоҳида муаммоларга эмас, балки уларнинг ўзаро уйғунлашган таъсирига дуч келмоқда: геосиёсий кескинлик, нархларнинг ошиши, технологик хатарлар ва иқлим ўзгаришлари бир-бирига қўшилиб, умумий таъсирни кучайтирмоқда. Бундай шароитда асосий савол «қандай хавфлар мавжуд?» шаклида эмас, балки анча амалийроқ тарзда қўйилмоқда: дунёда беқарорлик доимий ҳолатга айланаётган шароитга Ўзбекистон тайёрми?

Жаҳон иқтисодий форумининг Global Risks Report 2026[1] ҳисоботи ҳам кузатилаётган тенденцияни тасдиқлайди. Глобал иқтисодиёт аста-секин аввалги очиқлик моделидан савдо, технология ва молия тобора кўпроқ босим воситаси сифатида қўлланиладиган янада парчаланган тизимга ўтмоқда. Бу эса ҳамкорликнинг аввалги қоидалари тобора заифлашаётганини, хавфлар эса янада башорат қилиб бўлмайдиган ва ўзаро боғлиқ тус олаётганини англатади.

Асосий ўзгариш шундаки, хавф-хатарлар энди алоҳида эмас, балки бир омил иккинчисини ишга туширадиган занжирларни шакллантиради. Савдодаги бузилишлар нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин, бу эса аҳолининг реал даромадларини пасайтиради, ижтимоий кескинликни кучайтиради ва пировардида инвестиция фаоллигига таъсир кўрсатади. Бундай шароитда инқирозлар маҳаллий хусусиятни йўқотиб, тез тарқала бошлайди.

Қандай қилиб глобал жараёнлар ички хавфларга айланмоқда

Ўзбекистон учун бу жараёнлар аниқ ўлчовга эга. Ташқи иқтисодий шоклар мамлакат ичида анча тез акс этади. Логистика ёки савдодаги узилишлар импорт қилинадиган товарларнинг қимматлашишига олиб келади, бу эса инфляция ва аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Глобал молиявий шароитларнинг ўзгариши ҳам сезиларли таъсир кўрсатади: жаҳон бозорларида фоиз ставкаларининг ошиши қарз олишни қимматлаштиради ва инвестиция имкониятларини чеклайди.

Меҳнат бозоридаги вазият иқтисодиётнинг бундай ўзгаришларга сезгирлигини кучайтиради. Мамлакатнинг демографик салоҳияти ўсиш учун имкониятлар яратади, бироқ етарли иш ўринлари бўлмаса, у хавф манбаига айланиши мумкин. Бунда тенгсизлик кучаяди, меҳнат миграцияси ортади ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами кенгаяди.

Рақамлаштириш қўшимча босимни шакллантиради. Рақамли хизматларнинг кенгайиши иқтисодиёт самарадорлигини оширади, аммо бир вақтнинг ўзида кибертаҳдидлар ва нотўғри маълумотларнинг тарқалишига нисбатан заифликни ортишига сабаб бўлади. Бу хатарлар уларни тартибга солиш механизмларига қараганда тезроқ ривожланмоқда, бу эса институтлар барқарорлиги учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Узоқ истиқболда энг жиддий оқибатлар экологик омиллар билан боғлиқ. Сув таъминотининг пасайиши қишлоқ хўжалиги ва бандликка, демакки, умуман иқтисодий барқарорликка таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, сув ресурсларини қайта тақсимлаш билан боғлиқ лойиҳалар, жумладан, Қўштепа канали қурилиши мавжуд хатарларни кучайтириши ва минтақага қўшимча босим ўтказиши мумкин.

Муаммо хавф-хатарда эмас, балки тезкор ечим топишга боғлиқ.

Таъкидлаш лозимки, асосий заифлик хавфларнинг ўзида эмас, балки уларни бошқаришга бўлган ёндашувда ётади. Мавжуд модель кўп жиҳатдан реактив бўлиб қолмоқда: қарорлар муаммонинг шаклланиш босқичида эмас, балки юзага келганидан сўнг қабул қилинади. Хавфлар бир-бирини кучайтирадиган ва тезроқ тарқаладиган шароитда бундай ёндашув етарли бўлмай қолади.

Ташқи муҳитдаги ўзгаришлар тезлиги ва институтларнинг мослашиш қобилияти ўртасида узилиш юзага келади. Бу тафовут ошгани сайин иқтисодиётнинг ташқи зарбаларга нисбатан заифлиги ҳам ортиб боради. Бу шуни англатадики, маблағлар ва салоҳият мавжуд бўлган тақдирда ҳам, бошқарув қарорларининг кечикиши туфайли барқарорлик пасайиши мумкин.

Барқарорликка ўтиш нимани англатади

Бундай шароитда гап алоҳида чора-тадбирлар тўплами ҳақида эмас, балки бошқарув мантиқининг ўзгариши ҳақида бориши керак. Чекланган миқдордаги ташқи бозорлар ва логистика йўналишларига қарамликни камайтириш нафақат иқтисодий ривожланиш, балки барқарорлик масаласига айланмоқда. Макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ташқи зарбаларни юмшатиш, меҳнат бозорини ривожлантириш эса ижтимоий хатарларни камайтириш имконини беради.

Шу билан бирга, киберхавфсизлик ва рақамли муҳитни тартибга солишнинг аҳамияти ортиб бормоқда, чунки етарлича ҳимояланмаган рақамлаштириш тизим заифликларини оширади. Сув ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, чунки айнан шу омиллар узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётнинг барқарорлигини белгилайди.

Бошқарув тизимининг олдиндан ҳаракат қилиш қобилияти — хавфларни башорат қилиш, уларнинг оқибатларини баҳолаш ва муаммолар инқироз босқичига ўтмасидан олдин сиёсатни мослаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, глобал хатарлар энди ташқи фон бўлмай қолди. Улар иқтисодиёт ривожланаётган муҳитнинг бир қисмига айланди. Бу шароитда барқарорлик таҳдидларнинг йўқлиги билан эмас, балки уларга самарали жавоб бериш қобилияти билан белгиланади.

Ўзбекистон учун асосий муаммо реактив моделдан проактив моделга ўтишдан иборат. Бу нафақат алоҳида қарорларни, балки умуман бошқарувга ёндашувни ўзгартиришни талаб қилади.

Яқин йилларда мамлакатлар ўртасидаги фарқлар хавф-хатарлар даражаси билан эмас, балки уларга мослашиш тезлиги билан белгиланади. Айнан шу қобилият барқарор ривожланишнинг асосий омилига айланмоқда.

 

 

 

1
Похожие новости